Тарғибот-огоҳлантирув маркази

Маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, диний вазиятни  янада соғломлаштириш, экстремизм  ва терроризмнинг олдини олиш  ҳудудларда масалага янгича ёндошган ҳолда  замонавий шакл ва услубларни жорий этишни тақозо этмоқда.  Риштон туманини комплекс ўрганишлар натижаси соҳада олиб борилаётган фаолият самарадорлиги етарли даража эмаслигини кўрсатди.

2018 йилга мўлжалланган “Вилоят йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг жорий йил 12 апрелдаги фармойишига асосан  Риштон туманида “Тарғибот-огоҳлантирув маркази” ташкил этилди.

Марказ томонидан махсус ҳисобдан чиқарилган шахслар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиб қилиниб, психологик ёрдам кўрсатилади. Хорижий мамлакатларга чиқаётган ёки чет давлатлардан  яшаш манзилларига қайтган фуқароларнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олишга қаратилган  тарғибот тадбирлари олиб борилади.

Фарғона давлат университетида “Тарғибот-огоҳлантирув маркази” фаолиятини йўлга қўйиш ва  соҳа вакилларининг малакасини оширишга қаратилган ўқув-семинари ўтказилди. Унда вилоят, шаҳар-туман ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлимлари тезкор ходимлари, имом-хатиблар, Қўқон, Марғилон шаҳарлари, Риштон ва Қува туманидан “Тарғибот-огоҳлантирув маркази” фаолиятига жалб этиладиган психолог, диншунос мутахассислар иштирок этди. Ўқув семинарини Тошкент шаҳар ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси масъул ходими А.Шукуров, Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИБ ТЭҚК бошқармаси масъул ходими Ф.Сайдалиев олиб борди.

Маърузалар давомида диний-экстремистик ва террористик оқимларнинг таъсир усуллари, уларнинг ғояларига қарши мафкуравий курашиш ва ақидапараст оқимлар ғояларини фош этиш услублари,  фуқаролар билан суҳбат ўтказиш тартиблари  хусусида тушунчалар берилди.

Семинар иштирокчилари Риштон туманида ташкил этилган “Тарғибот-огоҳлантирув маркази”да бўлиб, фаолияти билан танишдилар. Марказ аъзолари учун зарур шароитлар яратиш,  моддий техник базасини мустаҳкамлаш, хоналарни кўргазмали-тарғибот воситалари билан жиҳозлаш юзасидан тавсиялар берилди.  Марказга жалб этилган масъуллар учун амалий машғулот ўтказилди.

Марғилон шаҳрида давом этган  ўқув семинарида Қувасой шаҳри ва Олтиариқ тумани ички ишлар идоралари ходимлари учун фуқаролар билан суҳбатлар ўтказиш тартиблари бўйича тренинг ташкил этилди.