Фарғонада байрам тантаналари

Вилоятимизда истиқомат қилаётган 108 нафар элимиз ардоғидаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан 21  нафари 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан пойтахтимизда бўлиб ўтадиган байрам тантаналарида қатнашиш учун вилоят ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, кенг жамоатчилик иштирокида кузатиб қўйилди.

Улар ўзимизда ишлаб чиқарилган замонавий “Малибу” автомобилларида пойтахтга йўл олдилар. Тошкентдаги Ботаника боғида ўтказилган катта тантанада иштирок этиб, Президентимиз билан юзма-юз учрашиш бахтига муяссар бўлишди.

Шунингдек, байрам арафасида вилоят ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Фарғона шаҳри бўйлаб ҳарбий оркестр жойлашган ҳарбий техникаларнинг кичик паради ташкилланди.

Ҳарбий техникалар, аскарлар, ҳарбий либосдаги йигит-қизлар, қадрдон куй-қўшиқлар  ҳамшаҳарларимизга хушнудлик бахш этди. Тинчлик, ҳарбий ватанпарварлик қўшиқлари қаторида уруш йиллари ашула ва мусиқалари дилбар Фарғонанинг марказий кўчалари бўйлаб янгради.

***

2018 йил, 9 май. Фарғона шаҳридаги Хотира майдони ҳар кунгидан ҳам гавжум ва файзли. Гўзал хиёбонга уруш ва меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари жамул-жам бўлишган.

Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Шундан сўнг Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси, вилоят  прокуратураси, вилоят ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, божхона, давлат солиқ бошқармалари, Фарғона шаҳар ҳокимлиги номидан “Мотамсаро она”ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Шунингдек, вилоятда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар, меҳнат ва ўқув жамоалари, фахрийлар, ёшлар, жамоатчилик вакиллари ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйдилар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Ҳарбий оркестр садолари остида ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари тантанали саф тортиб ўтдилар. Юрт посбонларини ва ҳарбий техникалар намойишини фарғоналиклар қарсаклар билан олқишладилар.

Шу кунги суҳбатларда ҳаётнинг не-не яхши-ёмон кунларини бошдан ўтказган оталар бугунги тинч ва дориломон кунларга такрор ва такрор шукрона айтишди.

Иброҳимжон ота Раҳмонов 1925 йилда Данғара туманининг Ганжиравон маҳалласида туғилган. 17 ёшида фронтга кетган. Бугун эса саккиз фарзанднинг отаси, қўша-қўша невара-чеваралар ардоғида у!

– Инсон азиз, хотираси муқаддас эканлигини кўриб турибмиз. Бўлаётган эътиборлардан дилим яйраяпти. Президентимиз томонидан кўрсатилган ғамхўрликлар умримизга умр қўшяпти, 10 йилга ёшариб кетдим, – дейди отахон биз билан суҳбатда.

17 ёшли Тожибой Мадраҳимов 1943 йилнинг апрель ойида Данғаранинг Катта турк қишлоғидан урушга кетган. Бугун 37 нафар невара, 67 та чеварага бобо бўлган отахоннинг етти фарзандлари орасида ўқитувчи, энергетик, олимлар  ҳам бор.

Артеллерист сифатида танкка қарши отардим, – дейди у даврларни хотирлаб фахрий устоз Тожибой ота Мадраҳимов. –  2 май куни Берлинни забт этиб, Чехославакияни озод қилишга ўтганмиз ва Прагада Ғалабани кутиб олганмиз. Урушдан кейин 40 йил ўқитувчилик қилдим.  Ўтган умримдан, ҳаётимдан манунман. Президентимизга чин юракдан раҳмат айтаман.

Тантанали тадбирларга бир гуруҳ хорижлик меҳмонлар ҳам ташриф буюришди.

Тинчлик тушунчаси бутун дунё халқлари учун бирдек қадрли. Хотира ва қадрлаш куни – миллий байрамингизни кузатиб жуда хурсанд бўлдик, – дейди швецариялик сайёҳ Лиз Ханкелер. – Фахрийларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор, одамлар кўзидаги муҳаббат менда катта таассурот қолдирмоқда.

***

Фарғона шаҳридаги “Жасмин” мажмуасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари, мустақиллик йилларида жасорат ва мардлик кўрсатган ҳарбий хизматчилар учун вилоят ҳокимлиги томонидан байрам тадбири ташкил этилди.

Тантанада вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси  Шуҳрат Ғаниев байрам иштирокчиларини Хотира ва қадрлаш куни билан самимий қутлади.

Байрам тадбирида вилоятимизнинг барча шаҳар-туманларидан келган Иккинчи жаҳон  уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийларига эсдалик совғалари топширилди.

Тинчликнинг қадрига кўпроқ етаман, – дейди Муҳиддин Асқаров. – 30 йил ҳарбий соҳада ишлаб энди нафақага чиқаман деганимда Афғонистонга юборилдим. 1980-83 йилларда афғон заминида қонли тўқнашув ва хунрезликларга гувоҳ бўлдим. Президентимизнинг Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатиш борасидаги ташаббуси бутун дунё сиёсатчилари томонидан қўллаб-қувватламоқда.

Тантанада вилоят санъат усталарининг чиқишлари фахрий отахонларни даврага чорлади. Қўшиқларда тинчлик, бугунги бахтли ҳаётимиз тараннум қилинди. Уруш даври мусиқалари ва ашулалари, театрлаштирилган томошалар ижро этилди. Уруш ва меҳнат фахрийларининг куй-қўшиқларга ҳамоҳанг рақсларини барча бирдек олқишлади.

Мен Ўзбекистонда туғилмаганман, аммо ўзбекнинг қизига айланганман, – дейди фарғоналик Лариса Шарипова. – Ленинградга немислар бостириб кирганида 13 ёшда эдим. Ота-онам, қариндошларим кўз ўнгимда ҳалок бўлган. 1942 йилда уйсиз, яқинларисиз қолган мен каби болалар билан бирга Тошкентга эвакуация қилиндик. Ўзбек халқи менга бошпана, нон-туз берди. 1958 йилдан буён эса Фарғонадаман. Мени тарбиялаб, улғайтирган шу халқимга таъзим қиламан.

Кексаларимизга меҳр-муҳаббат, ҳурмат ҳамиша бардавомдир. Уларнинг ҳаёт йўли бугунги авлод вакиллари учун ибрат мактабидир. Боболар жасорати, матонати туфайли катта-ю кичик тинчлик аталмиш неъматнинг шукронасини янада кўпроқ ҳис қилади ва англаб етади.

 Суратни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.