Дирекция учун замонавий бино

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони асосида “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси давлат унитар корхонаси Низоми ва Устави тасдиқланиб, шу асосда фаолият кўрсатиши таъминланмоқда.

Дирекция маъмурияти самарали фаолият кўрсатиши учун “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси жойлашган ҳудудда намунавий лойиҳа асосида замонавий бино қуриб битказилди. Шу йилнинг 5 май куни янги бинонинг фойдаланишга топширилишига бағишланган тантанали тадбир ўтказилиб, унда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев қатнашди.

Тантанали тадбирда Қўқон ҳудуди туманлари ҳокимликлари мутасаддилари, “Қўқон” ЭИЗда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Унда сўзга чиққан вилоят раҳбари юртимизда тадбиркорлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳаётбахш ислоҳотлар самаралари хусусида айтиб ўтди. Бу борада яратилган қулай шарт-шароитлар вилоятимизга  хорижий инвесторларни кенг жалб этиш, мамлакатимиз тадбиркорларининг истиқболли бизнес-режаларини амалга оширишда муҳим омил эканлигини таъкидлади.

“Қўқон” ЭИЗ директори Авазбек Раҳмоновнинг эътироф этишича, бугунги кунга қадар 709,3 гектар ер майдонига эга эркин иқтисодий зонада 62 та лойиҳани амалга ошириш бўйича таклифлар берилиб, 59 та лойиҳага Маъмурий кенгаш томонидан ижобий хулоса тақдим этилди. Айни пайтда 3 та лойиҳа кенгаш томонидан кўриб чиқилмоқда. Ижобий хулоса берилган 59 та лойиҳага 152,7 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилади ва яратиладиган янги иш ўринлари сони 5285 тани ташкил этади.

Ўз навбатида “Қўқон” ЭИЗда хорижий ҳамкорлар иштирокидаги 13 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш борасида ҳам изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Эркин иқтисодий зона фаолиятини тарғиб этиш, маҳаллий ва хорижий инвесторларни кенг жалб этиш мақсадида мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишларига жиддий эътибор қаратилиб, интернет тармоғи  имкониятларидан унумли фойдаланилмоқда.

Шу куни тадбир иштирокчилари дирекциянинг янги биносида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, ташриф буюрувчиларга кўмаклашиш ва амалий тавсиялар бериш борасида яратилаётган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

 

Суратни Ш. ҚОРАБОЕВ олган.