Меҳр ва қаҳр кураши

Фарғона вилоят мусиқали драма театри янги спектаклни саҳналаштирди.

Муаллиф Обиджон Рўзибоев санъат ва маданият институтининг битирувчиси. Унинг “Қондошлар” асарини саҳнага олиб чиққан режиссёр Умиджон Исаев ҳам шу илк даргоҳининг охирги босқич талабаси. Саҳналаштирувчи рассом Исломжон Қурбонов ҳам уларнинг тенгдоши.

Рустам онаси вафотидан сўнг, отаси бошқа аёлга уйлангач, ундан норози бўлиб, оиласини тарк этади. Йиллар ўтиб тадбиркор даражасига етади. Мол-давлат орттиради. Бу орада отасининг васиятномаси ҳақида хабар келади. Отасидан катта бойлик қолади. Унинг ярмига Рустам эгалик қилиши мумкин. Қолган ярми эса руҳан ногирон укаси Комилга қолиши айтилган. Рустамнинг мақсади ёвузлашади. Ўгай укаси Комилни бир ёқли қилиб, бир йўла барча мулкка эга бўлиш. Шу йўл билан онасининг тупроғи совимай туриб, бошқа аёлга уйланган отасидан ўч олиш куйига тушади. Руҳан ногирон уканинг акага қон билан кирган меҳрибонлиги охир оқибат Рустамнинг кўзини очади. Инсонлик қиёфасига қайтаради. У бошдан охир меҳр ва қаҳр ўртасидаги кураш ғояси билан йўғрилган. Охир оқибат меҳр устун келади. Аммо афсуски энди кеч. Ака ёллаган қотил барибир ёвуз ниятини амалга оширади. Меҳрли ука ҳам, номеҳр ака ҳам нобуд бўлади. Спектакль ҳар бир кишини огоҳликка чорлайди. Меҳр кўрсатишда кечикмайлик!

Спектаклдаги ҳар бир қаҳрамоннинг ўз мени, ўз образи, ўз сўзи бор, – деди Алишер Навоий номидаги опера ва балет академик театрининг бош режиссёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳайдарали Қосимов. – Ёш истеъдодларнинг ижодий ишини бу даражада кўрсата олган Фарғона вилоят мусиқали драма театри жамоасига раҳмат.

Хизмат тақозоси билан жуда кўп театрларнинг спектаклларини кўраман, – деди Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги масъул ходими, таниқли драматург Хайитмат Расул. – Фарғона вилоят мусиқали драма театрига ҳар гал келганимда янги яхши асарлар кўрадиган бўлиб қолдим. Бу театр ижодий салоҳиятидан, ҳар бир ижрочининг юксак масъулиятидан дарак беради.

Ролларни театрнинг Паҳлавон Тошпўлатов, Хуршид Ёқубов, Азиз Темиров, Маъмура Раҳимова, Гулноза Усмонова, Фозилжон Акбаров, Турғун Қосимов, Акмал Мирзаев каби ёш ва етакчи актёрлари ижро этишди.

 

Сайдали ОДИЛОВ,

ёзувчи.