Дорихона ва дори воситалари савдоси амалдаги қонунчилик меъёрларига мувофиқ тарзда ташкил этилиши зарур

Вилоят Тадбиркорлар марказида Президентимизнинг 2018 йил 14 февралдаги “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоятимизда амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва иқтисодиёт комплекси тармоғига кирувчи бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда соҳага дахлдор идоралар, дорихоналар ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этди.

Бугунги куннинг долзарб мавзусига бағишланган йиғилишни вилоят ҳокими ўринбосари Илҳом Носиров очди ва олиб борди.

Тадбир аввалида йиғилганлар эътиборига вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан қарор ижроси бўйича шаҳар-туманларимизда олиб борилган мониторинглар натижасини акс эттирувчи видеолавҳа намойиш этилди. Унда Фарғона ва Марғилон шаҳарлари, Қува, Ёзёвон ва Риштон туманларида фаолият кўрсатаётган дорихоналар фаолияти билан боғлиқ камчилик ва нуқсонлар кескин танқид қилинди.

Ўтган қисқа вақт ичида соғлиқни сақлаш соҳасида 10 дан зиёд қарорлар, фармацевтика тизимида 10 дан ортиқ меърий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди,-деди йиғилишда сўзга чиққан вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев. – Бевосита фармацевтика соҳасида вилоятимизда вилоят Фармацевтика ишини ривожлантириш бошқармаси фаолияти йўлга қўйилди. Аҳолини сифатли ва арзон дори-дармонлар билан таъминлаш мақсадида вилоятимизда 100 дан кўпроқ ижтимоий дорихоналар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси, кичик саноат зоналарида тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантиришга қаратилган бизнес-лойиҳалар тўлиқ қўллаб-қувватланади.

Ўз навбатида вилоят раҳбари яратилган шунча қулай шарт-шароитларга қарамай дорихоналар фаолиятида қонун устуворлиги тамойили асосида иш юритишда сусткашликка йўл қўйилаётгани танқид қилинди. Дорихона сотувчиларига қўйиладиган малака талаблари, тиббий кўрик, лицензия талабларига риоя этилиши, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, дорилар ассортименти, сифат ва нарх-наво меъёрлари каби муҳим жиҳатлар билан боғлиқ тартиб-таомиллар тушунтирилди.

Юзма-юз мулоқотда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутасадди идоралар раҳбарлари томонидан жавоб берилди. Тиббиёт ва фармацевтика йўналишида истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳаётга татбиқ этиш борасида керакли тавсиялар берилди.