Байрамга бағишланган веломарафон

Шу  кунларда  Қўштепа туманида  28 нафар меҳнат фахрийлари, велоспорт усталари ва ҳаваскор  ёшлардан ташкил топган  велоспорт федерацияси аъзоларининг  Хотира ва қадрлаш  кунига  бағишланган  веломарафони ўтказилмоқда.

Веломарафон  дастлаб  Қўштепа, Қува, Риштон, Ёзёвон, Фарғона туманлари йўллари бўйлаб ўтказилди. Улар туманларда тантанали кутиб олинди ва  мактаб ўқувчилари,  маҳаллалар  аҳолиси  билан  учрашувлари ўтказилди. Мулоқотлар ёшларда  катта таассурот қолдирди.

7 май куни Фарғона шаҳридаги Хотира хиёбонида  веломарафоннинг Фарғона-Шоҳимардон йўналишига старт берилди. Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари М.Турсунхўжаев  қатнашиб, вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси,  вилоят  ёшлар иттифоқи  ҳамда “Фарғона водий сайёҳ” МЧЖ  ташаббуси  билан  9 май –Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилаётган  веломарафоннинг асосий  мақсади–вилоятимизда туризм ва велотуризмни  ривожлантириш,  меҳнат фахрийларини сўлим тоғлар бағрида  ҳордиқ чиқариб қайтишларини таъминлаш эканини  айтиб, барчага оқ йўл ва омад тилади.

Велоспорт билан 20 йилдан буён шуғулланаман, вилоят велоспорт федерацияси аъзосиман, -дейди Қоражийда қишлоғилик  76 ёшли Карим  ота Ҳакимов.- Ҳар йили  анъанага  айланиб  қолган  марафонда  фаол қатнашаман. Чунки  велоспорт узоқ  умр  гарови, бу  билан  шуғулланган  одамнинг соғлиғи  мустаҳкам  бўлади. Насиб қилса, велосипедда ҳаж зиёратига боришни ният қилганман. Ёшларга тилагим, спортга ошно бўлинг. Орангиздан  кўплаб чемпионлар етишиб чиқишига тилакдошман. Йўлимиз равон бўлиб, соғ-омонликда  муқаддас зиёратгоҳ – Шоҳимардон пиримга етиб борайлик!

Отахоннинг тилакларига  Каримжон Маматов, Турсунали Мадраҳимовлар ҳам қўшилишди.

Веломарафоннинг энг ёш иштирокчиси  Муҳаммадмирзо  Тўлқинжонов икки йилдан буён велоспорт билан мунтазам шуғулланиб келаётганини, келгусида  велоспорт бўйича Олимпиада ўйинларида қатнашиш нияти борлигини айтди.

Тадбир қатнашчилари  “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди. Нуроний отахонлар билан ўқувчи-ёшлар эсдалик учун суратга тушишди. Веломарафон 9 май куни поёнига етади.

 

 

Шерзод ҚОРАБОЕВ олган сурат.