Қўшма корхонада янги линия

Фарғона  шаҳридаги “Zamin dekor” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси 2014 йилда  11 нафар ишчи билан ўз фаолиятини бошлаган. Бу ерда ламинат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бугун корхонада меҳнат қилаётганлар сони 52 нафар, маҳсулот тури эса 60 хилга етди.

Корхонада қўшимча линия ўрнатилиб, елим шимдирилган ламинат қоғози ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Авваллари хом ашё Туркия ва бошқа Европа мамлакатларидан келтирилар эди. Айни кунларда эса у маҳаллийлаштирилиб, ўзимизда тайёрланмоқда.

Ўтган йили корхонамизда 17 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган эди, – дейди корхона раҳбари, ёш тадбиркор Шоҳжаҳон Толипов, – Бу йил қўшни давлатлар – Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистонга экспорт қилишни мақсад қилиб турибмиз. Икки сменада ишчиларимиз импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотларни иштиёқ билан ишлаб чиқармоқдалар.