Гиёҳлар ичидан “гиёҳ” излаб

Қувасойлик Абдулҳамид Нишоновга шаҳар тиббиёт бирлашмасининг пульманалогия бўлими томонидан бронхиал астма ташхиси қўйилади. Ўз дардига дармон излаган Абдулҳамид Нишонов Пакана қишлоғига қарашли даладан қизил мия, сачратқи, наъматак ўсимликларини териш чоғида ёввойи нашани учратиб қолади.

Бу гиёҳларни ўз хонадонига олиб келиб қуритгач, уларни истеъмол қилишни одатга айлантиради.

Нафс устунлик қилиб, хумор тутса ҳеч нарса кўзга кўринмай қолар экан. Абдулҳамид Нишонов ҳам дала майдонидаги ариқ четидан ёввойи наша териб уни истеъмол қилишни канда қилмади. Бу ҳам етмаганидек оғуни ўз хонадонида қонунга зид равишда сақлаб келди. Ички ишлар идораларининг тезкор ходимлари томонидан унга тегишли хонадон – Кокилон маҳалла фуқаролар йиғини, Шифокор кўчаси 38-уй кўздан кечирилганда бу ҳолат далилий ашё билан ўз исботини топди. Яъни хонадон ётоқхонасидаги стол тагидаги оқ рангли қаймоқ идишда оғирлиги 11,69 грамм миқдордаги марихуана гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланган.

А.Нишоновнинг қилмиши Жиноят Кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан тўғри квалификация қилинган. Судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, енгиллик беришларини сўраган.

Холислар иштирокидаги назорат тадбири тафсилотлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва ашёвий далиллар билан А.Нишоновнинг жиноят иши тўлиқ исботланди ва суд ҳукми ўқилди. Унга белгиланган вақтда ўз яшаш жойидан ташқарига чиқмаслик тарзидаги озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Гиёҳвандликка қарши курашиш, унинг зарарли оқибатларидан кишиларни хабардор қилиш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш доимий ва муҳим фаолият турларидан биридир. Айни вақтда вилоятимиз бўйлаб давом этаётган “Қора дори – 2018” тадбири ушбу мақсадларга қаратилган. Аср вабоси – гиёҳвандликка чалинган кимсалар оиласининг тинчи бузилаётгани, фарзандларининг қаровсиз қолаётгани, ўзлари эса саломатлигини йўқотиб, бевақт ўлим топаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабдан ҳам атрофимизда бўлаётган юқоридаги каби ҳодисаларга бефарқ бўлмайлик. Уларнинг бартараф этилишига ҳисса қўшайлик.

 

Н.БАХТИШАЕВ,

вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов

бошқармаси терговчиси, капитан.