Фаолият самарадорлиги йўлида

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари фаолиятининг изчил йўлга қўйилгани, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида халқнинг талаб ва истаклари асосида ишлаш принципи жорий қилингани фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ислоҳотларнинг ҳаётбахшлигини кафолатламоқда.

Энг муҳими, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимининг шакл ва сифат жиҳатдан янгилангани “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойилнинг амалда рўёбга чиқаришга қаратилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бағдод тумани Халқ қабулхонаси ташаббуси билан туман ҳокимлиги мажлислар залида ўтказилган семинарда бу борадаги фаолият самарадорлигини ошириш, фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг ҳал этилишида адолатлилик, қонунийлик ва аҳоли манфаатлари бирламчилиги принципларига тўла амал қилишнинг барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бағдод тумани Халқ қабулхонаси 2017 йилги фаолияти якунлари ва жорий йилнинг дастлаб чораги давомида жисмоний ва юридий шахслардан келиб тушган мурожаатлар таҳлили ўрганилди.  Унга кўра, туман Халқ қабулхонасига ўтган йили келиб тушган 3032 та мурожаатларнинг 2502 таси ҳудудий ташкилотларга, 530 таси юқори давлат органларига юборилган бўлиб, уларнинг ўз вақтида ва сифатли ҳал этилиши юзасидан назорат-таҳлил ишлари давом этмоқда. 2018 йилнинг биринчи чорагида фуқаролардан 1112 та мурожаатлар қабул қилинган. Ҳозиргача уларнинг 939 таси ижобий ҳал этилиб, 52 таси юзасидан тушунтириш берилди, қолган мурожаатлар ўрганилиш жараёнида.

Такрорий мурожаатлар сабаби ўрганилганда, ваколатли органлар масъул ходимлари томонидан мурожаатчи билан яқиндан суҳбатлашмаслик, дардини тингламаслик, умуман, мурожаатнинг ҳал этилишига юзаки ёндашиш ҳолатларига йўл қўйилаётгани аниқланган ва бу борадаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан тўлиқ назорат ўрнатилганлиги таъкидланди.

Шунингдек, виртуал қабулхона “cabinetpm2.gov.uz” сайти билан ишлаш жараёнида тегишли корхона ва ташкилотлар томонидан йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, фуқароларнинг электрон мурожаатларини тизимли равишда ўрганиш ва ҳал этиб бориш, бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунига оғишмай амал қилиш масаласи юзасидан тушунтиришлар берилди.

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”  моҳиятидан келиб чиқиб, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ мурожаатларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Семинар давомида туман Халқ қабулхонасига фуқаролардан келиб тушаётган  мурожаатларнинг аксариятини алимент ундириш билан боғлиқ масалалар ташкил этаётгани ҳисобга олиниб, тарафлар иштирокида ҳудуддаги алимент тўлашдан бош тортиб келаётган шахсларнинг сайёр суд мажлислари ўтказилди.

 

Фазлиддин ОЧИЛДИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бағдод тумани Халқ қабулхонаси мудири.