Маҳорат, матонат, мардлик

Ёш ҳалоскорларни аниқлаш ва уларни рағбатлантиришда анъанага айланиб қолган “Ёш қутқарувчи” мусобақасининг республика босқичига бу гал Фарғона мезбонлик қилди.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган мусобақа ёшларнинг жисмоний ва маънавий юксалишида ўзига хос ўрин тутмоқда.

Аҳмад ал-Фарғоний номидаги истироҳат боғида бўлиб ўтган бахсларда умумтаълим мактаби ўқувчиларидан таркиб топган Қорақалпоғистон Республикасининг “Жайхун”, Хоразм вилоятининг “Қалқон”, Наманган вилоятининг “Халоскор”, Бухоро вилоятининг “Турон патриот”, Сирдарё вилоятининг “Мадад”, Самарқанд вилоятининг “Темурбеклар”, Қашқадарё вилоятининг “Лочин”, Тошкент вилоятининг “Нажоткорлар”, Сурхондарё вилоятининг “Қалқон”, Навоий вилоятининг “Юный спасатель”, Андижон вилоятининг “Лочинлар”, Жиззах вилоятининг “Аланга”, Тошкент шаҳрининг “Фидокор” жамоалари саф тортдилар. Вилоятимиз шарафини эса Қувасой шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг “Матонат” жамоаси ёшлари ҳимоя қилдилар.

Гуруҳлар 5 та шарт асосида ўз имкониятларини синовдан ўтказдилар. Даставвал ёшлар фуқаро муҳофазаси бўйича савол-жавоб шартида ўз билимларини намоён қилишди. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, дарёдан арқон ёрдамида ўтиш, чодир тиклаш, тоғ тайёргарлиги, эстафетали югуриш шартларида эса ўғил-қизларнинг жисмоний тайёргарлиги ва маҳорати баҳолаб олинди.

– Танловнинг аввалги йиллардаги босқичларида ҳам қатнашганмиз. Бу мусобақа биз, ёшларнинг фуқаро муҳофазасига доир билимимизни янада бойитиш, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш ва ўзгаларга ёрдам бериш борасидаги кўникмамизни шакллантириш, тажриба алмашишда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Сирдарё вилояти, Ховос туманидаги 1-умумтаълим мактабнинг “Мадад” жамоаси вакили Баҳодир Тўйчиев. – Келажакда фавқулодда вазиятлар хизмати тизимида қутқарувчи бўлиб ишлашни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.

Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройи қошидаги амфитеатрда мусобақанинг якунловчи қисми бўлиб ўтди. Бу ерда ёшлар ва мусобақа иштирокчилари, ташкилотчилар жам бўлдилар. Ҳаяжонли дақиқаларда ғолиблар номи эълон қилинди.

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра мутлоқ ғолиблик – гран-при соврини Сирдарё вилоятининг “Мадад” жамоасига насиб этди. 1-ўринни эса вилоятимиз вакиллари – Қувасой шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг “Матонат” жамоаси эгаллади. Шунингдек, жамоа “Энг ҳамжиҳат жамоа”, “Энг яхши клубнинг формаси”, жамоа аъзоси Шаҳло Ғанижонова “Энг яхши қутқарувчи қизбола” номинациялари билан тақдирланди.

Мусобақанинг 2-, 3-ўринларига Қорақалпоғистон Республикасининг “Жайхун”, Навоий вилоятининг “Юный спасатель” жамоалари сазовор бўлди.

Ғолиб жамоа ва иштирокчиларга Президентимиз совғаси – китоблар жамланмаси, вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари, диплом, кубок ва медаллар тантанали топширилди. Тақдирлаш тадбирида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Миллий гвардия, Фарғона шаҳар ҳокимлиги, вилоят фавқулодда вазиятлар ва ички ишлар бошқармалари вакиллари қатнашди.

Тақдирлаш маросими санъат усталарининг концерт дастури билан якунига етди.