Сахалиндан Фарғонага келган “масалалар”

Халқимизда “кўздан йироқ, меҳрдан йироқ”, деган нақл бор. Ёшларимиз орасида ноқонуний миграция оқибатида нафақат жисмоний, балки маънавий томондан мажруҳ кимсага айланаётганлар ҳақида эшитиб, кўнглимиз ранжийди.

Таассуфки, навқирон палласида олис юртларга кетиб, онгини диний экстремизм, ақидапарастлик оқимларининг заҳарли ғоялари билан тўлдириб қайтаётганлар учраб турибди. Улар ўз тафаккурини заҳарлагани етмагандай, ўзгаларга ҳам носоғлом ғоя ва ақидалар “вирус”ини юқтиришга “муваффақ бўляптилар”.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлардаги айрим сайтларнинг мафкуравий хужуми жуда қисқа соатларда ўзига асир қилиш имкониятига эгадир. Ақлини танимаган, норасолардан бири Валишер Акбаров ҳам ана шундай пуч ғоялар тузоғига илинди.

23 ёшни қаршилаб улгурмаган Валишер Россия Федерациясининг Сахалин ўлкасида ишлаб юриб, “Lenovo” русумли телефон аппарати сотиб олди. Уяли телефони орқали интернет тармоғига уланиб, турфа сайтларда “кезиб юрди”. Шу аснода диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, жиҳодий студиялар томонидан тайёрланган аудио ва видеоматериаллар, республикамизда диний маҳсулотлар рўйхатига киритилмаган маърузалар билан яқиндан танишиб борди. Мазкур жиҳод ва шаҳидликка ундовчи маҳсулотларни тарқатиш мақсадида уларни танишлари М.Тожалиев, Н.Турдибоевларнинг телефонига ҳам юклаб беради.

“Мicro CD” номли флешкарта хотирасига “Масалалар” номи билан яратилган файлни жойлаб, доимий равишда кўриш-эшитиш ва бошқаларга тарқатиш мақсадида сақлаб келди. Сахалин ўлкасидан Ўзбекистонга қайтиш чоғида уни божхона постидан яшириб олиб ўтишга эришгач, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш ва тарқатишга рухсат этилган диний мазмундаги махсулотлар рўйхатига киритилмаган “масалалар”ни  2017 йилнинг 24 февралига қадар  Тошлоқ туманидаги яшаш уйида сақлаб келди.

Ёт юртда, ота-она ва яқинлар назоратидан четда тарбия тизгини узилган, ижтимоий тармоқ тўрига илиниб, онги заҳарланган ғўр йигитнинг  қилмиши бехайр якун топди.

2017 йилнинг 20 июнь куни жиноят ишлари бўйича Тошлоқ тумани суди очиқ сайёр суд мажлисида В. Акбаровнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари қонун муҳокамасига қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан жиноий айби далиллар ва гувоҳлар иштирокида тасдиқ топган йигит одил суд ҳукмини эшитди. Унга уч йил-у олти ой муддатга белгиланган вақтлар оралиғида яшаш жойидан чиқишни чеклаш тарзидаги озодликни чеклаш жазоси тайинланди.