Ўзбекистонга мафтунликнинг ёрқин тасвирлари

Вилоят рус драма театрида ташкил этилган премьерада фильм ижодкорлари, кенг жамоатчилик вакиллари, санъаткорлар, фарғоналик кино ихлосмандлари қатнашишди.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги ва “Dono productions” киностудияси ҳамкорлигида тасвирга олинган “Мафтун бўлдим” мусиқали комедиясининг ижодкорлари саҳнага таклиф этилди. Фильм лойиҳаси муаллифи ва бош продюсери Баҳодиржон Ҳомидов,  ижодий кенгаш аъзоси Муҳаммаджон Ходжаевлар  сўзга чиқиб, мазкур кинофильм бир неча йиллик изланишлар натижаси эканлигини таъкидлашди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов мамлакатимизда барча соҳалар қатори киносаноати ривожига берилаётган улкан эътибор “Мафтун бўлдим” сингари халқимиз, айниқса, ёш авлодни она Ватанга, меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат килувчи киноасарларнинг яратилишига муҳим асос бўлаётганини айтиб, “Мафтун бўлдим” – Ўзбекистонга мафтунлик ҳақидаги гўзал фильм эканлигини эътироф этди.

“Мафтун бўлдим” кинофильми қаҳрамонларидан ташкил топган “Мафтунингман”  гуруҳи ўзининг дилрабо қўшиқларини ижро этишди.

Фильм таниқли режиссёр Абдувоҳид Ғаниев бошчилигида тасвирга олинган. Асосий ролларни ёш ва умидли ижодкорлар Шоҳруҳ Ҳамдамов, Рустам Эсанов, Дилноза Ҳабибуллаева,Эргаш Хожиев, Ислом Умрзоқов, Айсенам Юсуповалар ижро этишган.  Унинг воқеалари франциялик тадқиқотчи-сайёҳ Француанинг Ўзбекистонга ташрифи, яқин дўсти ва ўзбек режиссёри Мурод билан юртимиз вилоятлари бўйлаб кезиб, оддий одамлар орасидан ноёб иқтидор эгаларини кашф этиш мақсадига қаратилган сафари асосига қурилади.  Бу орқали мамлакатимизнинг туризм салоҳияти ва имкониятлари, дунё сайёҳларини ўзига мафтун этувчи, уларни ўхшаши йўқ ўлкага чорловчи хислатлари маҳорат билан очиб берилади.

-Фильмни томоша қилар эканман, қалбимда, энг аввало, юртимиз бўйлаб саёҳат қилиш истаги жўш урди, -дейди фарғона шаҳрилик Хуршида Негматова. – Замонавий тасвир услублари, қадрдон куй-қўшиқлар билан уйғунлашган кинофильм воқеалари Ўзбекистонимизга бўлган муҳаббатимизни янада оширади.