Мураккаб юрак операцияси муваффақиятли амалга оширилди

Академик Воҳидов номидаги Республика хирургия илмий марказининг етакчи жарроҳлари билан ҳамкорликда Фарғона шаҳридаги вилоят  болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида икки нафар ёш беморда ноёб юрак операцияси амалга оширилди.

– Бугун Фарғонада туғма юрак нуқсонини сунъий қон айланиш шароитида,очиқ усулдаги  мураккаб жаррроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди, – дейди тиббиёт фанлари доктори, Ҳакимжон Абрамов. –Ушбу жарроҳлик амалиёти ўта оғир турдаги, мураккаб операциялардан бири бўлиб,  уни Президентимиз қарорларига мос равишда марказларнинг етакчи мутахассислари жойлардаги шифокорлар билан ҳамкорликда амалга оширдилар. Жойлардаги барча мутахассисларнинг илмий ва амалий тажрибасини ошириш, аҳоли учун олий тоифали мутахассисларнинг кўриги ҳамда уларнинг консультатив ва амалий ёрдамини ташкил қилиш ҳаётга татбиқ этилмоқда.

11 ёшли Суғдиёна Жўраева туғилганида шифокорлар унга юрак пороги ташхисини кўйган эдилар. Кўплаб жисмоний ҳаракатлардан чекланган қизалоқнинг ота-онаси уни даволаш учун мутахассисларга, ҳатто хорижий шифокорларга ҳам мурожаат қилишганди. Юртимизда олиб борилаётган тиббиёт соҳасидаги изчил ислоҳотлар натижасида сарсонгарчиликка чек қўйилиб, Суғдиёна ўзи истиқомат қилаётган шаҳарда дарддан фориғ бўлди. Шифокорларнинг тажриба ва маҳорати туфайли 4 соатлик мураккаб жараён муваффақиятли якунланди. Бемор қизалоқнинг онаси Сафура Раҳмонбердиева кўзда ёш, қалбда қувончини яшира олмади:

Ҳомиладорлик давримда тумов билан оғриган эдим. Натижада фарзандим туғма юрак нуқсони билан дунёга келди. Бу борада кўп жойларга мурожаат қилганман. Қаранг, авваллари бундай ноёб жарроҳлик амалиётлари фақат хориж ёки пойтахтда ўтказилар эди. Фарғонанинг ўзида бу мураккаб жараён амалга оширилаётганлигини эшитган заҳоти шу ерга келдик. Операция жуда муваффақиятли амалга оширилди. Бунинг учун Президентимизга ва барча шифокорларга ўз минннатдорчилигимни билдираман.

Шу куни юрак хасталигидан азият чекаётган 5 ёшли Сарвиноз ҳам жарроҳлик столига ётқизилди. 8 соат давом этган ҳар иккала жарроҳлик амалиётида мутахассислар гуруҳи бор билим ва тажрибаларини ишга солдилар. Демак, фарзандлар соғлиғи тикланиши баробарида оилаларга яна қувонч ва бахт қайтди дейиш мумкин.