Фарғонада замонавий мажмуа

Шу йилнинг 29 апрель куни Фарғона шаҳри маркази – Б.Марғиноний ва Қомус кўчалари чорраҳасида қуриб битказилган беш қаватли “Фестиваллар маркази”нинг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

“Қувасойтаъмирқурилиш” МЧЖ бунёдкорлари томонидан барпо этилган мажмуада савдо расталари, аттракционлар ва болалар майдончалари, боулинг маркази, муз майдони, турли байрам тантаналари ҳамда концерт дастурлари ташкил этишга мўлжалланган энг замонавий хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирча 200 дан зиёд янги иш ўринлари яратилган мажмуада яқин вақт ичида кафе-барлар, музқаймоқ ва салқин ичимликлар савдоси, миллий қадрият ва анъаналаримизни акс эттирувчи турли кўнгилочар тадбирлар уюштиришни йўлга қўйиш орқали яна 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштириляпти.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев иштирок этди.