Сабрнинг таги олтин

Ўзбекистон футбол чемпионатининг суперлигаси жамоалари 9-тур учрашувларини якунладилар.

Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси бу учрашувларнинг тўрттасида дуранг, бештасида мағлубиятга учраб, 4 очко тўплаган ҳолда турнир жадвалининг охирги 12 поғонасига тушиб қолди. Натижалар чиндан ҳам кўнгилсиз. Ҳар қандай томошабин ва мухлисда нега бундай бўляпти, фарғоналикларнинг футболда ўз салоҳияти борку, деган савол туғилади.

Бунинг сабабларини аниқлашда шошилмаслик лозим. Тўғри, “Нефтчи” жамоаси 2017 йил учрашувларида паст натижа кўрсатиб, олий лигани тарк этиш даражасига етиб борган эди. Лекин, вилоят футбол федерацияси ўзбек футболида бир вақтлар юксак натижаларга эришиб, донг қозонган жамоанинг обрў-эътиборини сақлаб қолиш мақсадида “Нефтчи” ва Қувасойнинг “Цементчи” жамоалари асосида янги футбол жамоаси ташкил этишга қарор қилди.

“Цементчи” ўтган йили биринчи лига мусобақаларида юксак натижаларга эришиб, Олий лигада ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритган эди. Ана шу ҳуқуқни молиявий аҳволи анча ишончли бўлган “Нефтчи” билан баҳам кўриш, чемпионатда ягона жамоа бўлиб, иштирок этиш таклиф этилди. Лекин бу қарор республика миқёсида кўриб чиқилиб, ҳал этилгунча анча вақт ўтиб кетди. Бошқа жамоалар 2018 йил мусобақалари бошлангунга қадар ўз таркибларини саралаб, мустаҳкамлаб олган бўлсалар, “Нефтчи” тақдири февраль ойигача аниқ бўлмади. Бу орада жамоадаги айрим маҳоратли ўйинчилар ўз жамоаларига ишончни йўқотиб, бошқа жамоалар билан шартнома тузиб, Фарғонадан кетиб қолдилар.

Мураббийларнинг хориждан келган футболчиларни синаб кўриш ва жамоага жалб этиш имкониятлари ҳам чегараланиб қолди. Масалан, Россиядан келган Вячеслав Сушкин мавсум олдидан ўтказилган синовларда ўзини кўрсатиб, шартнома асосида жамоага қабул қилинди. Лекин янги мавсумнинг дастлабки учрашувидаёқ “Насаф” билан бўлган беллашувда оёғи лат еганлигини айтиб, даволанмоқчи бўлди. Маълум бўлишича, унинг бу касали илгари бошланган, Вячеслав эса буни яширган экан. Хуллас, ҳозиргача у жамоа учрашувларида қатнашмаса ҳам, маошини олиб, жойини банд қилиб юрибди. У билан шартномани тўхтатиб, алоқани узишга эса жамоада етарли маблағ йўқ. Бундай муаммолар анчагина. “Нефтчи” раҳбарияти ва мураббийлар штаби жамоани мамлакатимизда ёки хорижда ном чиқарган маҳоратли футболчилар билан мустаҳкамлаш, ўйин сифатини мухлислар кутган даражага кўтариш учун яхши режалар тузишган, музокаралар ҳам ўтказилган. Лекин, номзодлар сўраётган маош-маблағни топиш масаласини ечиш ғоятда оғир бўлмоқда.

Учрашувларда жамоанинг ишонган вакиллари ҳам турли жароҳат туфайли ўз маҳоратларини тўла намойиш эта олмаяптилар. “Локоматив”дан ижарадан қайтиб келган Мурод Бобожонов, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси таркибида U-23 Осиё чемпиони даражасига кўтарилиб, Фарғонага юксак мукофотлар билан қайтган Достонбек Турсунов, таниқли ҳимоячи Шукурали Пўлатовлар жароҳатлар туфайли ўз имкониятларидан тўла фойдалана олмаяптилар.

  • Жамоамиз ҳар бир учрашувда ғалабага эришиш учун қаттиқ курашмоқда. Лекин ўз мақсадига эриша олмаяпти, – дейди катта мураббий Абдумалик Ҳакимов. – Энг ачинарлиси, 9 та учрашувда рақиб дарвозасига натижали гол кирита олмадик. Ё омад келмаяпти ёки йигитларимизда ҳақиқий маҳорат етишмаяпти. Менимча бундан фожиали хулоса чиқармаслик керак. Мухлислар олдида ҳижолатда эканлигимизни яхши биламиз. Фарғона футболининг ҳақиқий жонкуярлари, мухлислари сабр-қаноатли, маданиятли, андишали бўлсалар мавсум оралиғида биз жамоа ўйинини уларни хурсанд қиладиган даражага кўтаришга эришамиз.

Халқимиз “Сабрнинг таги олтин”, деб бекорга айтмаган. Намангандаги учрашув бунга яққол далилдир. Ёш футболчи Хуршид Асқаралиев киритган гол ҳисобига йигитларимиз 84-дақиқагача ғалабани ушлаб турдилар. Лекин омад экан, наманганликлар ҳисобни тенглаштириб, дурангга эришдилар. Демак, биз кейинги учрашувларда ғалабага эриша оламиз ва аҳволни ўнглаймиз. Афсуски, стадионга келган айрим мухлислар ўйин давомида ўзини тута олмай, майдонда ҳаракат қилаётган футболчилар, ҳакамлар, ҳатто мураббий ва жамоа раҳбарларига нисбатан куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат ёғдирмоқдалар. Миллатимиз, халқимиз азал-азалдан одоби, андишаси, халқ-атвори ва юксак маънавияти билан танилган бўлса-ю, айрим томошабинлар буни унутиб, ўйингоҳда одобсизлик қилсалар. Бунга мухлислар орасида ўтирган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари ҳам эътибор беришмаса?!

24 апрелда Бекободнинг “Металлург” жамоаси билан бўлган учрашувда ҳисоб очилмай дуранг натижа қайд этилди. Майдон эгалари ҳам, меҳмонлар ҳам қулай имкониятлардан фойдалана олишмади. Ўйинни томоша қилган айрим мухлисларнинг яна жазаваси тутиб, “Отнинг калласидек маош оласанлар, нега уни оқламаяпсанлар” деган бақир-чақирлар билан ўринларидан туриб, нафақат футболчиларни, мураббийларни ҳам ҳақорат қила бошладилар. Булар етмагандай интернет тармоқларида жамоа шаънига ҳар хил уйдирма ва тухматлар ёғдирдилар. Интернетни бутун дунё ўқийдику.

Мухлислар жамоани ёмонлаш ўрнига, юракларидаги меҳр ва истакларини одоб билан баён этсалар яхши бўлар эди.

“Нефтчи”нинг Қудратилло Маҳмудов, Сайдулло Қирғизбоев ва Илёсхон Набиевлар каби 500 га яқин доимий мухлислари бор. Улар Фарғона стадионига вақтида келиб, ўйинни одоб билан кузатиш билан бирга, жамоанинг сафардаги учрашувларига ҳам бориб, ҳамма футболчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келишмоқда.

  • Мухлисларни меҳрибон ота-оналарга ўхшатаман, – дейди Сайдулло Қирғизбоев. – Улар, фарзандларининг ютуқ ва яхши ишларидан қувонадилар. Ўғил-қизлари хато қилганда ёки камчиликка йўл қўйганда, бу муаммоларни ҳал этишда яхши насиҳат ва йўл йўриқлар билан ёрдам берадилар. Лўнда қилиб айтганда, болаларидан меҳр ва иззат ҳурматларини ҳеч қачон аямайдилар. Қани энди барча мухлислар ана шу қонун-қоидага амал қилсалар. Ахир, жамоат жойлардаги беодоблик, андишасизлик интернетга кўчмаслиги керак.

Ҳозирги шароитда кўп нарса молия-маблағга бориб тақалади. “Нефтчи”да бу масала анча оғир. Мавсум олдидан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, “Қувасойцемент” ва “Кварц” акциядорлик жамиятлари “Нефтчи” жамоасининг молиявий хомийлари этиб белгиланган. Лекин улар маълум сабабларга кўра футбол жамоасига белгиланган миқдорда маблағ ажрата олмаяпти. Клуб раҳбарлари эса танг аҳволдан чиқиш учун жамоанинг сафарга бориб келиши, транспорт, меҳмонхона ва бошқа харажатларни шахсий маблағлари ҳисобидан қоплашга мажбур бўлмоқдалар. Сафардаги учрашувларга 40-50 нафардан ортиқ футболчи ва мураббийлардан ташқари, клуб таркибидаги аёллар ва футзал жамоалари ҳам бориб келишларини инобатга олинадиган бўлса, сарф-харажатлар қанчалар кўп ва оғир эканлигини тасаввур этиш қийин эмас.

Хуллас, сабр қилинса жамоа ўз ўйинини топиб, азалий шуҳратини тиклайди. Бунга вақт керак.

Дониёр ЭРГАШЕВ.