Меҳр-эътибордан диллар шод

Фарғона  вилоят  ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази қарийб тўққиз йилдан буён ўз фаолиятини олиб боради. Марказ 50 ўринга мўлжалланган 2 қаватли  бинодан иборат бўлиб, ногирон болалар учун 10, катта  ёшдаги ногиронларга 40 ўринга эга бўлган тиббий, ижтимоий, психологик реабилитация хизматлари мавжуд.

Марказга  даволангани  келаётган беморлар вилоят, шаҳар ва туманлараро чуқурлаштирилган  тиббий кўрик  ва тиббий меҳнат экспертиза кўригидан ўтган тегишли ордер (гувоҳнома) ни тақдим этишлари керак. Улар физиотерапия, массаж, парафин ва фитотерапия муолажаларини қабул қиладилар. Бундан ташқари психолог Шуҳрат Жабборов томонидан ногиронларни руҳий ҳолатидан  келиб чиқиб, ижтимоий  муҳитга мослаштирилади, улар  билан руҳий  тестлар  ўтказилиб, ўзларига бўлган ишонч ҳиссини пайдо бўлишига кўмаклашилади.

Бугунги кунда  марказ  томонидан  ногиронни врач-реабилитолог хулосасига  кўра, потенциали юқори бўлган беморларни касаллик турига қараш, ишга, ўқишга тавсиялар ҳамда бандликка кўмаклашиш марказлари орқали ногиронлар учун мўлжалланган  квотали  иш ўринлари, касб ва меҳнат турлари билан мунтазам хабардор қилиб борилмоқда.

Йил  давомида  марказда  1200 нафардан зиёд ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий, маиший  ва касб бўйича реабилитация хизматлари кўрсатилади. Меҳр-эътибор барқарор бўлган масканда олий тоифали ва малакали  нефролог, невропатолог, нейрохирург, ортопед травматолог, терапевт,  дистолог, УТТ  врач-реабилитологлар  фаолият  олиб  боришяпти.  25 нафар ўрта тиббиёт ходимларидан 8 нафари олий, 1 нафари 1-тоифали ва 4 нафари  2-тоифали  ҳамширалар меҳнат қилмоқда. Бундан ташқари   олий  маълумотли  психолог  ва  ҳуқуқшунос томонидан  ҳуқуқий  маслаҳатлар  бериб борилмоқда.

Марказимизнинг  моддий-техника  билан  жиҳозланиши талаб даражасида,-дейди марказ директори Суҳробжон Асқаров. – 2014 йили давлат дастури  бўйича  капитал таъмирдан чиқарилган. Диагностика қилиш учун  стационар ва партатив УЗИ лар ва ЭКГ лар мавжуд. Лаборатория бўлими, физиотерапия ва ЛФК хоналари замонавий спорт  анжомлари –тренажёрлар  билан таъминланган. 2018-2019 йилларда Япония гранти асосида “Жайка” фирмаси орқали тиббий жиҳозлар олиш арафасидамиз.