Ижодкорларнинг янги даври ва юксак масъулияти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миллий адабиётимиз ва маънавий-ижтимоий ҳаётимизда катта тарихий воқеа бўлди.

Мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, унинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини ривожлантириш баробарида ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, истеъдод эгаларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш борасидаги аҳамияти ҳақида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова билан суҳбатлашдик.

– Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳалар қатори миллий адабиётимиз ривожини янги босқичга кўтариш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада муҳтарам Президентимиз ўтган йил 3 август куни ижодкор зиёлилар билан бўлган учрашувда миллий адабиётимизнинг келажаги қандай бўлади, унинг эртасини қандай тасаввур этамиз, деган масалани муҳокамага қўйганлари бежиз эмас эди. Ўтган қисқа давр ичида давлатимиз раҳбари томонидан бадиий адабиёт, китобхонлик маданиятини юксалтириш, атоқли адиб ва шоирларнинг таваллуд саналарини нишонлаш бўйича ўнга яқин қарорлар қабул қилинди. Айниқса, Президентимизнинг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз ижодкорлари учун янги даврни бошлаб берди. Унда долзарб ташкилий масалалардан тортиб, аниқ амалий вазифаларгача белгилаб берилгани, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Низоми ва таркибий  тузилмасини қайта кўриб чиқишдан бошлаб, миллий адабиётимизни кенг тарғиб қилиш ва аудиокитоблар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдек энг замонавий муаммолар, қалам ҳақи оширилиши-ю,  ижодкорларга имтиёзли асосларда уй-жой қуриш масалалари ҳақида ҳам айтилгани фикримизни исботлайди. Таъкидлаш керакки, янги қарор Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва унинг аъзоларининг эркин ижод қилиш ҳуқуқини таъминлаш ва турмуш шароитини яхшилаш бўйича қонуний ҳужжат ҳамдир.

Адабиётимиз ва унинг келажагига бугундан қаратилаётган эътибор вилоятимиз миқёсидаги  эзгу ишларда ҳам яққол намоён бўлаётир. Муҳтарам Президентимизнинг ўтган йил вилоятимизга қилган ташрифи чоғида берган вазифалари ижроси фарғоналик ижод аҳли ва адабиёт ихлосмандларини бениҳоя қувонтирмоқда. Жумладан, Марғилон шаҳрида қад ростлаган “Ижодкорлар боғи” адабий муҳитнинг юксак майдонига айланаётир. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими янги биноси, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов хотирасига бағишланган мемориал музей, 340 ўринли маданият зали, 100 ўринли ёзги амфитеатр замонавий архитектура мезонлари асосида қуриб битказилди. Эркин Воҳидов номидаги ижтимоий фанларга ихтисослаштирилган  мактаб-интернати ташкил этилгани фарғоналик ёшлар учун юксак ижодий имкониятлар эшикларини очиши шубҳасиз. Ҳозирда мазкур даргоҳга қабул имтиҳонларининг биринчи босқичи якунланиб, 109 нафар номзод саралаб олинди.  Мактаб-интернет ўқувчилари учун 70 ўринли ётоқхона ҳозирлаб қўйилди.

Эндиликда “Ижодкорлар боғи”да республикамизнинг таниқли шоир ва ёзувчилари, адабиётшунос олим ва таржимонлари иштирокида назм, наср, драматургия, адабий танқид, воизлик, бадиий публицистика ва бадиий таржимонлик йўналишлари бўйича “Маҳорат дарслари” олиб борилади.

Шу кунга қадар республикамизнинг барча ҳудудларида ижод қилувчи ёш қаламкашларни излаб топиш, уларни рағбатлантириш борасида талай ишлар амалга оширилди. Ёш ижодкорларнинг “Истеъдод мактаби” семинарлари ташкил этилиб, уларда муваффақиятли иштирок этган истеъдодли ижодкорларнинг биринчи китоблари “Ижод” жамоат фонди ҳисобидан нашр этилиб, республикамиз таълим муассасалари бўйлаб бепул тарқатилди. Анъанавий “Зомин” анжумани фаолияти қайта йўлга қўйилиб, сара иқтидор эгалари кашф этилаётир. Улар орасида юзлаб фарғоналик ижодкор ёшларнинг борлигидан фахрлансак арзийди.

Ҳозирда вилоятимизнинг барча туман-шаҳарларида 21 та адабий тўгарак фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги “Олтин қалам” назм ва наср тўгаракларида истеъдодли ёш ижодкорлар сафи тобора кенгайиб бораётгани, уларнинг ижодий парвозлари юксалаётгани беҳад қувонарли. Айниқса, мамлакатимиз, хусусан, вилоятимиз ёшлари ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган эътибор самараси сифатида олтиариқлик ёш ижодкор, Қўқон давлат педагогика институти талабаси Шарофат Исмоилованинг “Ёш китобхон” республика кўрик-танловида биринчи ўринни қўлга киритиб, “Спарк” автомобили билан мукофотлангани қутлуғ воқеа бўлди. Эндиликда китобсевар ёшлар сафини янада бойитиш, чекка-чекка ҳудудларда яшовчи китобхон ва ижодкор ўғил-қизларни кашф этиш ва рағбатлантириш мақсадида вилоят ҳокимлиги кўмаги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан  кенг кўламли китобхонлик тадбирлари ва кўрик-танловлар, шунингдек, ҳарбий қисмларда адабий учрашув ва мулоқотлар  ўтказилиши белгилаб қўйилди, ҳамкорлар билан қўшма меморандумлар имзоланди. Бу  каби хайрли тадбирлар ҳудудда китобга ошно маънавиятли авлодни тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Қарорнинг кенг жамоатчилик, айниқса, ижодкорлар учун энг қадрли жиҳати  унда “Давлат –маънавиятнинг бош ҳомийси”, деган ғоянинг тўла намоён бўлганидир. Хорижда, айниқса, Ғарбда маънавият масалалари ўз ҳолига ташлаб қўйилган бир шароитда Ватанимизда адабиётга, миллат маънавиятига эътибор масаласига давлат ўзининг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида қараётгани Ўзбекистоннинг тараққиётда ўз йўли борлигини тасдиқлайди. Бу эса бугунги эмин-эркин замонда ижод қилиш бахтига муяссар бўлган қаламкашлар қалбида  қарздорлик ва бурч ҳиссини уйғотиб юборди. Зеро, элда қадр топган, зиммасида шарафли масъулият билан ижод қилаётган қалам аҳли эзгу ташаббуслар ва юксак мақсадлар йўлида она юрти ва Юртбошига елкадош бўлиш, халқимизнинг онгу тафаккурини юксалтиришга муносиб улуш қўшишга қодир бўлади.