Ferghana invicta pharm

9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида вилоят марказида бўш турган бино ўрнида бўй кўрсатган “Ferghana invicta pharm”  дори ишлаб чиқариш корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Дори воситалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси йилига 10 миллион дона маҳсулот учун мўлжалланган хом ашёни қайта ишлаш ва тайёрлашга қаратилган.

Бир йилда ишлаб чиқариш ҳажми 4, 5 миллиард сўмни ташкил этади. Лойиҳага жами 1 миллиард 450 миллион сўм сарфланган бўлиб, унинг 450  миллион сўми  “Асака банк” томонидан ажратилган.

Масъулияти чекланган жамиятининг очилиш маросимида сўз олганлар бу Фарғона шаҳридаги 5 та йирик лойиҳалардан бири эканлигини таъкидлаб, корхона аҳолини арзон ва сифатли дори маҳсулотлари билан таъминлаши билан аҳамиятли эканлигини эътироф этдилар.

– Корхона фаолиятини тўлиқ ташкил этиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 50 фоизини қўшни Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Россия давлатларига экспорт қилмоқчимиз. Энг аҳамиятлиси 30 та янги иш ўрни яратилиб, тиббиёт коллежларининг фармацевтика йўналиши битирувчилари бандлиги таъминланди. Ҳозирча 5 хил  маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётган корхонамизда дориларнинг ҳажми ва турлари босқичма-босқич кўпайтириб борилади, – дейди корхона директори Шуҳратжон Маҳмудов.

2019-2020 йилларда мазкур корхонада яна 100 нафар ишчи “Фарғонада ишлаб чиқарилган” тамғаси остидаги дориларни тайёрлашга ўз ҳиссаларини қўшадилар.