Дилбар тароналар қанот ёзганда

Мусиқага ошуфта юрак дунёнинг қай ерида бўлмасин, ёқимли ва ҳушбахт таронанинг оҳанрабосидан тўлқинланади.Зеро, мусиқа ноёб тимсоллар қаторида тил, миллат ва дин танламайди, таржимон талаб қилмайди. Асл қўшиқ, дилбар куйлар ижрочисидан қатъий назар умумбашар мулкига айланади. Миллий ва жаҳон мусиқа хазинасининг ана шундай ноёб дурдоналари Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида “Баҳор нафаси” халқаро мусиқа фестивали доирасида бўлиб ўтган кечада санъатсевар қалблар ҳукмига ҳавола этди.

Ўзбекистон оркестрлар бирлашмасининг республикада хизмат кўрсатган Хор жамоаси ва унинг яккахон ижрочилари томонидан тақдим этилган мусиқий композиция чин маънода дунё эътиборидаги ва халқимиз эҳтиромидаги қўшиқлар гулдастаси бўлди. Республика ва халқаро миқёсдаги мусиқа фестивалларида муваффақиятли иштирок этиб, ўзбек санъати нуфузини дунё миқёсида баландлатаётган жамоанинг ҳар бир чиқиши катта қизиқиш билан кузатиб борилди.

“Фиғонким”, “Ёр-ёр”, “Катта ашула”, “Алла”, “Водий попуриси” тароналари, шунингдек, “Қолимчу”, “Смуглянка”, “Фуни-пула”, “Итальяно”, “Жаз бам-бум” сингари қардош  ва дунё халқларининг классик қўшиқлари бадиий раҳбар ва бош дирижёр Ширин Бобохонова бошчилигида маҳорат билан ижро этилди. Ҳеч қандай мусиқа асбобларисиз акапелло услуби билан академик хор жанрида талқин этилган қўшиқлар жонли овозлар жозибаси билан янада мафтункор оҳанг касб этди.

Яккахонлар Яшин Хўжамов, Ойимхон Тўлаева, Ойбек Мирзаев, Файз Файзулло, Дилорам Шукурова, Қобил Фазлиддинов, Баҳром Эргашевларнинг ижро маҳорати томошабинлар олқиши ва меҳрига сазовор бўлишди. Тингловчилар эҳтиром рамзи сифатида давомли қарсаклар ва гулдасталар тақдим қилинди. Юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, бахтли ва саодатли ҳаёт ва буюк истиқбол ёғдусидан сўз очган мусиқий фестиваль санъатсевар фарғоналиклар учун эзгу тантанага айланди. Зеро, дилбар тароналар қанот ёзганда юракларда ёрқин туйғулар ва порлоқ келажакка умид жўш ураверади.