Солиқ бошқармасида иссиқхона

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишларни янада ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Бу қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда алоҳида ишчи гуруҳи  тузилиб, унинг таркибига туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, қишлоқ ва сув хўжалиги, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, профилактика инспектори, касаба уюшмалари, хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, давлат солиқ инспекцияси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари жалб этилди.

Ишчи гуруҳига вилоятимиздан 252 нафар солиқ органи ходимлари ҳам киритилган бўлиб, улар бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларида фаол иштирок этишмоқда. Ишчи гуруҳи томонидан асосий эътибор томорқа ерларидан унумли фойдаланаётганларга рағбатлантириш мақсадида солиқ имтиёзлари ва ерларидан самарасиз фойдаланаётган, қаровсиз ҳолга ташлаб қўйган ер эгаларига нисбатан ер солиғи ставкасини 3 карра оширилган миқдорда қўллаш тартиби жорий қилингани тушунтириляпти.

Гуруҳ аъзолари вилоятнинг барча ҳудудларида уйма-уй юриб, аҳолининг томорқадан қандай фойдаланаётгани ҳолатини ўрганиб чиқмоқда. Ўрганиш жараёнида томорқаси мавжуд 17,7 минг хонадонга кирилганида, мазкур хонадонларнинг 89 таси ер участкасидан самарасиз фойдаланаётганлиги аниқланди. Уларга ишчи гуруҳ томонидан огоҳлантириш хатлари, мутахассислар томонидан зарур тавсиялар берилди.

– Қарор ижросини таъминлаш борасида давлат солиқ хизмати ходимлари ҳам алоҳида ўрнак кўрсатишмоқда, – дейди вилоят ДСБ бошлиғи ўринбосари Назиржон Полвонов. –  Вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳудудида ҳам иссиқхона ташкил этилиб, унда помидор, бодринг каби экинлар парваришлаш йўлга қўйилди. Шу кунларда иккинчи иссиқхона ҳам ташкил этилиб, унга 15 туп лимон кўчатлари ўтқазилди.