Сўхликлар эзгу ташаббуслардан миннатдор

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоятимизнинг анклав ҳудуди – Сўх туманида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани эътиборга сазовордир.

Хўш, бу борада белгиланган устувор вазифалар ижроси доирасида Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга қулай шарт-шароит яратиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси каби муҳим йўналишларда қандай натижаларга эришиляпти? Туман ҳокими,  биринчи сектор бошлиғи Фаррух Ўсаров билан уюштирган суҳбатимиз айни соҳада жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланди.

Таъкидлаш жоизки, бу борада давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳамда туман ҳокимининг алоҳида қарори қабул қилинган бўлиб, шу асосда алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган,-дейди Фаррух Ўсаров. – Унга кўра ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, халқ билан самимий мулоқотнинг янги ва самарали шаклларини жорий этиш ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ҳаётга татбиқ этишнинг муҳим йўналишлари белгилаб олинган.

Бу қарорга мувофиқ биринчи сектор фаолиятини назорат қилиш бўйича жамоатчилик назорат гуруҳи фаолияти ҳам шакллантирилиб, унинг таркибига ҳудуддаги 6 та маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва раис маслаҳатчилари киритилган. Ўз навбатида сектор таркибида тумандаги 26 та дахлдор ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, малакали мутахассислари самарали фаолият кўрсатиши таъминланяпти.

2018 йилнинг биринчи чорагида секторга бириктирилган барча масъул раҳбарлар билан биргаликда 6 та МФЙдаги хонадонлар ҳудудлар кесимида ўрганилди. Юзма-юз мулоқотлар, амалий таклиф ва тавсиялар асосида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уй-жой, коммунал ва йўл хўжалиги, муҳандислик коммуникация тармоқларидаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, ҳар бир маҳаллани жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлардан холи ҳудудга айлантириш, ижтимоий ҳимоя ва аҳолининг турмуш даражасини ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Айни пайтда биринчи сектор ҳудудидаги Девайрон, Ленбур, Тул, Соҳибкор, Қалача, Ғазнов, МФЙдаги 2876 та хонадонда 16 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Биринчи чоракда 1621 та хонадон ўрганилиб, 180 та муаммо аниқланди. Оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви, ички йўллар, тиббиёт, халқ таълими, ишга жойлаштириш, моддий ёрдам билан боғлиқ боғлиқ 129 та муаммо жойида ижобий ҳал этилди. Аҳоли мурожаати асосида рўйхати шакллантирилган 51 та муаммо ижросини таъминлаш мақсадида “Йўл харитаси”га киритилди.

Шу кунларда “Йўл харитаси”га киритилган 51 та муаммо, яъни ички йўллар таъмири, мактабгача таълим муассасаси қамровини ошириш, банк кредитлари ажратиш, моддий ёрдам ва уй-жойга тааллуқли масалалар ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги тегишли мутасадди идораларни жалб этган ҳолда амалий саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.

Девайрон МФЙ ҳудудида яшовчи хонадонлар эгаларининг тоза ичимлик суви билан таъминлашга кўмаклашиш борасида мурожаати қисқа вақт ичида ҳал этилишига эришилди. Шу мақсадда вилоят “Сувоқава” ДУК томонидан 2 км полиэтилен труба ва 2 та сув тортиш насоси ажратилиб, ҳозирги кунда маҳалла аҳли тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Диний экстремистик оқим ҳисобидан чиқарилган Тул қишлоғилик Абдуғани Ашуров, ғазновлик Сарвар Исроилов ва ленбурлик Найим Қосимовлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, оилавий ҳаётларини яхшилаш учун бир бошдан қўй берилди. Наврўз байрами муносабати билан ҳудуддаги 3 нафар 90 ёшли онахонлар – Нарзинисо Мадибрагимова, Ойшахон Додобоева, Тўхтаби Жалиловаларга 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Кам таъминланган, ногирон фарзандлари бор оилаларга ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламалари, дори-дармонлар етказиб берилди. Умуман олганда, ишчи гуруҳи аъзолари ўрганишлари натижасида сектор ҳудудидаги 66 та кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар аниқланиб, ҳар бир оила бўйича алоҳида йиғма жилдлар шакллантирилди.

Шунингдек, мурожаатлари асосида 12 та оила газ плита ва газ баллонларига эга бўлди. Ғазнов МФЙдаги 852 та оила 852 дона суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланишига эришилди. Иккита фермер хўжалиги ерларини суғориш мақсадида 63 КВАли трансформатор ва 3 дона тик сув насоси ўрнатилди ва фойдаланишга топширилди.

Биринчи чорак давомида ҳудуддаги 1280 нафар пенсионерларга 1 миллиард 596 миллион сўм пенсия пули тўлиқ нақд пул шаклида тўланди. Январь-март ойларида 10 та юридик мақомдаги корхоналар ва 13 та якка тартибдаги тадбиркорлар давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳисобот даврида 4 та тадбиркорлик субъектларига 185 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.

Маҳаллий бюджет даромадларини ошириш, солиқ қарздорлигини қисқартириш мақсадида жорий йилнинг дастлабки уч ойида ҳудуддаги 6 та МФЙда яшовчи аҳолидан режадаги 5 миллион 300 минг сўм маҳаллий – мол-мулк ва ер солиғи тўлиқ ундириб олинди. Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш ва фаровонлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар доирасида 51 та янги иш ўринлари ташкил этилди.

Шу йилнинг 23 апрель куни халқ депутатлари Сўх туман Кенгашининг йигирма саккизинчи сессияси ўтказилиб, унда тумандаги тўртта секторда олиб борилаётган ишлар, ҳудудлар бўйича “Йўл харитаси” киритилган вазифалар ижроси таҳлил ва танқид руҳида ўрганилди. Бу борада амалга оширилиши зарур бўлган галдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.