Эътибор ва рағбатдан шод кўнгиллар

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 16 апрель кунги “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимиздаги барча уруш ва меҳнат фахрийларига юксак эътибор ва рағбат кўрсатилмоқда.

Шу йилнинг 25 апрель куни вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев Марғилон ва Фарғона шаҳридаги бир гуруҳ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонларига ташриф буюриб, самимий суҳбат жараёнида фахрийларга 5 миллион сўмдан пул мукофоти ҳамда вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди.

Марғилон шаҳрининг Алишер Навоий МФЙ, Нафосат кўчаси, 5-уйида яшовчи 97 ёшли Жамолиддин Жамилов 21 ёшида урушга кетиб, Москва, Сталинград ва Берлингача бўлган жангларда халқимизга хос букилмас ирода, мардликни намоён этган. Бугунги кунда 4 нафар фарзандлари ҳамда ўнлаб набира ва чеваралари ардоғида умргузаронлик қилаётган отахон кўрсатилаётган меҳр ва ғамхўрликлар учун чексиз миннатдорчилигини изҳор этди.

Фарғона шаҳри, С. Қосимов кўчаси 73-уйнинг 12-хонадонида истиқомат қилувчи 82 ёшли Урмас Бекированинг болалиги уруш йилларида немис концлагерларида тутқунликда ўтган. Вилоят ҳокими, нуронийлар ва маҳалла фаоллари, навқирон авлод вакилларига аламли хотираларини кўзда ёш билан сўзлаб берган онахон уруш йиллари қўшиқларини меҳмонлар жўрлигида мароқ билан куйлади.

Фарғона шаҳрига қарашли Машъал МФЙ, Ал Фарғоний кўчасидаги 1-уй, 25-хонадонда яшовчи 92 ёшли Вера Вяльсева пул мукофоти, эсдалик совғалари ва гуллар билан ташриф буюрган меҳмонларга уруш йилларида Ленинград қамалида бошидан ўтказган қийинчиликларни сўзлаб берди. Ҳар куни, ҳар нафасда давлатимиз, маҳалла фаоллари ва оила аъзоларининг меҳрини ҳис этиб яшаётганини мамнуният билан таъкидлади.

Фарғона шаҳрининг Лолазор МФЙ тасарруфидаги Қувасой кўчаси, 193-кўп қаватли уйнинг 41-хонадони ўтган йили Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 95 ёшли Қурбон ота Сатторовга совға сифатида берилган эди. Ҳозирги кунда маҳалла фахри бўлган мазкур хонадон ҳамиша меҳмонлар билан гавжум. Шу куни уруш йилларида машҳур бўлган куй-қўшиқлар билан хонадонга ташриф буюрган кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар ва жасур ватандошимиз иштирокида мароқли суҳбат бўлиб ўтди.

Муҳтарам Президентимиз, вилоятимиз раҳбарлари, “Нуроний” жамғармаси, маҳалла фаоллари ва ёшларга миннатдорчилик билдираман,-деди суронли йиллар қўшиқларига яйраб ўйнаган файзли хонадон соҳиби. – Бундай ҳурмат-иззат туфайли умримизга умр қўшилиб, узоқ яшаяпмиз. Шавкат Мирзиёев ўтган қисқа вақт ичида дунё миқёсида халқимизнинг ғурурини кўтарди. Ҳақиқатдан ҳам бу бизнинг Ватан, унинг янада юксалиши учун ҳеч биримиз четда турмаслигимиз керак. Ишонаманки, яқин беш-ўн йилда мамлакатимиз жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин эгаллайди. Боиси ислоҳотлар жараёнида бирор-бир соҳа ёки оила эътибордан четда қолаётгани йўқ. Агар эҳтиёж туғилса, Ватан учун мен ҳам хизматга тайёрман!

Айни кунларда вилоятимизнинг барча ҳудудларида уруш ва меҳнат фахрийларига ҳурмат-эҳтиром тадбирлари давом этмоқда.