Зиёратгоҳлар мўъжизаси

“Ўзбекистон бўйлаб сайёҳат қил!” дастурига асосан  вилоятимизнинг барча шаҳар, туманларидаги  меъморий ёдгорликлар, ҳунармандлар маркази, дам олиш оромгоҳлари, табиати ҳушманзара ҳудудлар сайёҳлар масканига айланмоқда.

Вилоятимиз ўзининг бетакрор табиати, қулай иқлими, тотли мевалари билан ҳам танилган.  Экотуризм ва агротуризм йўналишидаги хизматларни ривожлантириш  сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Вилоятнинг Фарғона, Ёзёвон туманлари ва Қувасой шаҳрининг Арсиф қишлоғида кичик туризм зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда.

Хусусан, Қува туманидаги “Маҳмуд Мирзаев” номли боғдорчилик, узумчилик, виночилик илмий-тадқиқот институти Фарғона филиали мевалар теримига, “Қува анори” агрофирмасига анор теримига сайёҳларни жалб қилиш ва Фарғона шаҳар Афросиёб маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Миндонобод агросаноат” фирмаси узум плантациясида сайр қилиш, вино татиб кўриш, вино маҳсулотларини харид қилиш учун барча шароитлар яратилган.

Экотуристик маршрутларига Ёзёвон  туманидаги  “Табиат хавзаси”, Фарғона туманидаги Аввал қишлоғи худудида жойлашган “Етти булоқ” ва Водил қишлоғидаги “Чинор таги” истироҳат боғлари киради. Фарғона шаҳридаги “Шар-шара” ва “Орағбой ота” балиқчилик фермер хўжаликлари, Фарғона туманидаги Шохимардон қишлоғи, “Шохимардон экотуризм маркази”  хушманзара табиати билан ажралиб туради.

Бувайда туманидаги “Бастом бува” қумлик барханлари экотурзм йўналишида ўзига хос ўринга эга.  Мазкур маскан сайёҳларнинг маънавий дам олишлари   билан бирга саломатликларини мустаҳкамлашида муҳим ўрин тутади. Ёз ойларининг 15 июнь кунларидан 15 сентябрга қадар фойдаланиш мумкин бўлган шифобахш табиий қум қўл ва оёқ бўғим касалликлари, бел чурраси(грыжа, протрузия) нерв шамоллашлари, қўл ва оёқ уюшишлари (остеохондроз), бўғим ва товондаги туз тўпланишлари (артрит, артроз), периферик асаб касалликларига даво ҳисобланади.

Бавайда тумани  Пошшопирим,  Бувимозор,  Бандикушот, Сўфиазиз, Ғалдирбува  сингари зиёратгоҳлари билан машҳур.  Шу билан бирга,  Бастом бува  қумлик барҳанларидан даво топиш учун республикамизнинг барча ҳудудларидан мавсум давомида минглаб меҳмонлар  келадилар.  Уларга қулай шароит  яратиш, ички туризмни  ривожлантириш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан  Бостонбуванинг 200 метр масофада жойлашган қумлик барханлари атрофини ободонлаштириш,  ҳудуднинг санитария гигиеник ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар олиб борилмоқда, –  дейди Бувайда тумани ҳокимлиги мутахассиси  Азимжон Матқулов.

Бугунги кунда вилоятимизнинг бетакрор ҳушманзара масканларида сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш, санитар-гигиеник ҳолатини яхшилашга эътибор кучайтирилган. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда шаҳар-туман ҳокимликлари ва тегишли ташкилот  вакиллари билан ҳамкорликда вилоятга ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар ҳамда юртимиз аҳолисига қулайликлар яратиш учун  санитар-гигиена тармоқларини ташкил этиш ва такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда. Вилоятимизда фаолият кўрсатаётган  туризм маршрутидаги барча объектлар, шу жумладан, умумий овқатланиш шахобчалари (кафе, ресторан) ҳамда аҳоли гавжум жойлар (бозорлар)да ҳожатхоналарни намунавий лойиҳа асосида таъмирлаш, янгитдан қуриш ва ўз навбатида замонавий  кўринишда санитария қоида меъёрлари талабларига жавоб берадиган ҳолатга келтириш ишлари олиб борилмоқда.