Иймон ва қонун тарозисидан қочиб

Зоиржон Саминов суднинг қора курсисида ўтиргунга қадар, давлат ва қонун ишончи остидаги судья эди. У Марғилон туманлараро судида ишлаб юрган кезлари қонун доирасидан четга чиқмади, фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатлари учун хизмат қилди, бошқача қилиб айтганда, ҳаммаси жойида эди.

Бироқ сўнгги саъй-ҳаракатлари билан нафси хаколак отаётгани ва қонунларимизга беписанд қараётганини сезмади. Синфдош дўсти Вахобжон Мелибоев билан жиноий режа тузиб, фуқаро М.Мамуровнинг Фарғона вилоят “Матлуботсавдо” АКнинг Бувайда тумани “Янгиқўрғон Файз инвест” МЧЖдаги 25 фоиз улушини сотиб олиш ҳақидаги олти-сотди шартномаси ва 2015 йил 15 январдаги биржа савдоларининг фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра, ҳақиқий эмас деб топилганини билгани ҳолда мазкур ишни “силлиқлаб” бериш ваъдаси билан унинг адвокати Б. Мамиров орқали 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги порани талаб қилади. Мақсад эса аниқ: пулнинг маълум қисмини фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг судьяси А. Салайдиновга бериб, қолганини ўзаро бўлишиб олиш. Бироқ бундай жиноий режа тузилганидан А. Салайдинов бутунлай бехабар эди.

Адвокат Б. Мамиров қонунбузарлар ўйлаганчалик ғўр бўлиб чиқмади. Унинг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қилган мурожаатига биноан тезкор-тадбир ўтказилиб, дастлаб В. Мелибоев, ундан сўнг З. Саминовнинг ўзи кимёвий ишлов берилган 3 минг АҚШ долларини олган вақтда ушланди.

Порахўрлик, фирибгарлик йўлини тутганларга нисбатан қонун ўз сўзини айтди.

Муқаддас қонунларимиз белгилаган жазолар қанчалик адолатли бўлмасин, инсоннинг ўз виждони, эътиқоди олдидаги жавобгарлик шунчалик оғир бўлади. Зеро, порахўрлик жамият ривожининг кушандаси бўлибгина қолмай, диний ва миллий қадриятларимиз, ота-боболаримиз улуғлаб келган ҳалоллик ва тўғрилик сингари юксак фазилатларимизни оёқости қилиш билан баробардир. Кимки қилаётган амали ва ҳатто онгидаги ўй-ҳаёлини ҳам иймон ва қонун тарозисига қўймас экан, юзи шувутлик, боши хамлик, эл ичра абгорлик   кўриши муқаррардир.