Спорт жаҳолатни енгади

Учкўприк тумани ҳокимлиги, туман прокуратураси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, таълим муассасалари ҳамкорлигида “Туманимизни жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлардан ҳоли ҳудудга айлантирамиз” шиори остида спорт мусобақалари ташкил этилди.

Учкўприк транспорт ва қурилиш касб-ҳунар коллежида ўтказилган мусобақаларда таълим муассасалари, маҳалладаги уюшмаган ёшлар вакиллари спортнинг бокс, миллий кураш, волейбол, мини футбол, стол тенниси каби турлари бўйича ўзаро беллашдилар. Спорт мусобақалари давомида устоз-мураббийлар, ҳуқуқшунослар, психологлар, нуронийлар ва маҳалла фаоллари билан самимий суҳбатлар уюштирилиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи қизиқарли савол-жавоблар ўтказилди.

Жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда спортнинг ўрни беқиёс,-дейди Учкўприк тумани прокурорининг катта ёрдамчиси, адлия маслаҳатчиси Ғайратжон Умрзақов. – Шу боис белгиланган режа асосида туманимизнинг барча ҳудудларида ана шундай спорт мусобақаларини мунтазам равишда ўтказиб борамиз.