Жамиятни таназзулга элтувчи иллат

Барчамизга  аён коррупция тарихи инсоният тарихи каби кўҳнадир. Қадимги юнон файласуфи Аристотел  коррупция хақида шундай деган эди: «Ҳар қандай давлат тузумида энг муҳими — бу қонунлар ва тартиб-қоидалар воситасида ишни шундай ташкил этишки, мансабдор шахслар қинғир йўл билан бойлик орттира олмасин». Платон ўзининг «Қонунлар» асарида порахўрликни «шармандалик» дея таъкидлаб ўтган эди.

Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев бошчилигида янги тизимга босқичма босқич ўтмоқда. Юртимизда янги тартиб, янги муҳит барпо бўлмоқда. Ўз ўрнида мамлакат аҳолисини эски тушунча ва тасаввурлардан ҳалос этиш ва кунлик ҳаётини янги йўналиш билан бирга олиб боришга ўргатиш зарур.

Шу кунларда бу ҳолат жамият олдида энг долзарб масала сифатида кўндаланг бўлиб турибди. Фуқаролик жамиятининг вазифаларидан бири мамлакатимизни коррупция элементларидан ҳaлос этиш ва унга нисбатан аҳолининг муносабатини тубдан ўзгартиришдир. Бу йўналишда етарлича қонунлар қабул қилиниб керак бўлса кадрлар масалалари ҳам кескин кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисидаги” қарори айнан хуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш, қонун бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш мақсадида қабул қилинди. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Адлия вазирлиги зиммасига қарорнинг ижросини таъминлаш вазифаси тўлиқ юкланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси, Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси, Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиялари бўйича ягона мувофиқлаштирувчи орган ваколати берилди.

Вилоят ҳудудий идоралараро комиссиянинг 2017-2018 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасининг 12 бандида корруцияга қарши курашишга алоҳида эътибор берилган. Кузатувлар шуни кўрсатмокдаки, ёшларда коррупция тушунчаси, унинг моҳияти ва келиб чиқиш сабаблари борасида билимлар етарли эмас. Айниқса,  улар томонидан очиқ ва холисона коррупцияни бартараф этиш бўйича ўзларининг шахсий таклифларини бера олмаганликларини алоҳида айтиб ўтиш лозим. Институтларда  коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишлар фақатгина юқори ташкилотларнинг ташаббуслари билан амалга оширилаётганлигини ҳам алоҳида камчилик сифатида айтиб ўтиш зарур. Шу туфайли талабаларда коррупцион ҳолатлар кузатилганда кимга ва қандай равишда мурожаат қилиш, уни бартараф этиш йўллари ва умуман ёшларда коррупцияни йўқотишга бўлган ишончининг пасайишига олиб келган. Кўпинча талабалар “агарда битирганимиздан сўнг сўровнома ўтказганларингда институтдаги порахўрлик бўйича тўлиқ маълумот берардик” деган  фикрни билдириши – институтларда коррупцион элементларнинг мавжудлиги  ва уни ёшларга, айниқса жамият тараққиётига салбий таъсир ўтказаётганидан далолат беради.

Коррупцияни бартараф этиш мақсадида ҳар бир ўқув даргоҳида махсус гуруҳ ёки комиссия ташкил этиб, унинг зиммасига коррупцион ҳолатларни тўлиқ назорат қилиш вазифасини юклаш зарур.

Очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида ҳар бир олий ўқув юртида ўқув жараёнини олиб бораётган педагог якуний баҳога қисман аралашиши ва ўша фандан бошқа ўқитувчи талаба саводхонлигини ўрганиб баҳо қўйиш механизимини киритиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Замонавий информацион технологиялар имкониятларидан унумли фойдаланиш мақсадида дарсларни ва баҳолаш тизимини электрон тарзда олиб бориш, кузатув камераларни кўпайтириш ижобий самара бериши мумкин.

Коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича ҳуқуқий саводхонликни кучайтириш ва Қонуний асослари билан талабаларни таништириш, оила, ота-оналар билан алоқаларни  тубдан  яхшилаш эса ижтимоий адолат ўрнатилишига асос бўлади.

Олий ўқув юртларининг ҳар бир кафедрасида дарслар ва таълим жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида замонавий усуллардан бири “эгзитпол” (машғулотлардан сўнг  талабалар фикрини ўрганиш) усулини қўллаш ижро интизомини мустаҳкамлашга замин бўлар эди.

Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев таълим ва тарбия  соҳалардаги  мавжуд холатни тубдан ислоҳот қилиш зарурлигини давр талаби деб белгилаб берди. Янги ташкилланган мактабгача таълим вазирлигига мамлакатимиздаги   энг оқсоқ соҳани тубдан ислоҳот қилиш масаласи юклатилди ва  вазирликка дунёдаги энг илғор тажрибаларни ўрганиш ва Ўзбекистонда қўллаш имкони яратилди. Мактабгача таълим муассасаларида болаларни тўлиқ қамраб олиш имкони йўқлиги ва жойларнинг етишмаслиги коррупцияни келтириб чиқаришга замин яратиб берарди.

Хулоса тарзида шуни алоҳида таъкидлаш мумкинки, ҳар бир жамият ўз келажагини  ўзи белгилайди ва бунда жамиятда ўрнатилган қонунлар,  ахлоқ одоб қоидалари, миллий қадриятларнинг абадийлиги, унинг таъсирчанлиги, катта авлоднинг  тажрибаси ва албатта мамлакатнинг интеллектуал салоҳияти муҳим роль ўйнайди.

“Халқ билан мулоқат ва инсон манфаатлари” йили давомида халқнинг йиллар давомида тўпланиб қолган ички дарди тўлиқ ўрганилди. Бунда Президентнинг халқ қабулхоналари  ва виртуал қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида қабул қилинган қарорлар ва фармойишлар мамлакатимизда  энг аввало коррупцион элементларни   йўқотиш, уни жиловлаш, фуқаролар учун кенг имкониятлар яратиш, айниқса иқтидорли, креатив қобилиятга эга бўлган ёшларни қўллаб қувватлаш, жамият тараққиётида аёллар салоҳиятни кўтариш, мамлакат аҳолисини муносиб турмуш даражасига олиб чиқиш ва дунёда Ўзбекистондек салоҳиятли давлатнинг муносиб ўрнини топишидек мақсадлар кўзланган ва бу йўлда харакатлар стратегиясида белгилаб берилган бешта устувор йуналиш порлоқ келажак учун йўлчи юлдуз бўлиши муқаррар.