Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари ўттизинчи сессияси

19 апрель куни вилоят тадбиркорлар марказининг катта мажлислар залида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари ўттизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раҳбари, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев очди ва олиб борди.

Кун тартибида иккита масала муҳокамага қўйилди.

Дастлаб ҳудудларда олиб борилаётган тозалаш-ободонлаштириш ишларига ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан раҳбарлар ҳамда мутасадди ходимларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш тўғрисида сўз юритилди.

Республика Бош вазири раҳбарлигида 17 апрель куни ўтказилган ҳудудларда дала ва тозалаш-ободонлаштириш ишларига тиббиёт ва таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва бошқа ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилишни тақиқлаш ва ушбу ҳолатларга йўл қўйган барча даражадаги ҳокимлар, раҳбарларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини оширишга қаратилган чораларни белгилаш тўғрисидаги видеоселектор йиғилишида бир қатор топшириқлар қайд этиб ўтилган эди.

Вилоят раҳбари шу ҳақида тўхталар экан, мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилган тақдирда, раҳбар кадрларга нисбатан ҳуқуқий чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирди. Амалий чора-тадбирларнинг самарадорлиги масаласи депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратининг барча шаклларидан фойдаланган ҳолда мунтазам равишда ўрганиб борилиши ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида кўриб чиқилиши таъкидланди. Бу борада тиббиёт ва таълим муассасалари ҳамда ижтимоий соҳа ташкилотларида тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича шаҳар-туман ҳокимлари, бўлим ва бошқармалар раҳбарлари зиммасига тегишли вазифалар юклатилди.

Сессия ишида ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларига киритилиши белгиланган инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишни пухта ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу масала юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари Муҳсинхўжа Абдураҳмонов маъруза қилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, вилоятда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, юқори технологияли ишлаб чиқариш объектларини барпо этиш мақсадида иқтисодиётни жадал ривожлантириш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланмаслик, дастурга киритилган лойиҳаларнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги ва рентабеллиги даражасини юзаки ўрганиш билан боғлиқ қатор камчиликлар дастурларни амалга оширишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 18 декабрдаги ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисидаги қарори ана шундай муаммоларга барҳам бериш билан бирга инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш механизмларини тубдан қайта кўриб чиқилишида муҳим ҳужжатга айланди.

Ушбу қарорга асосланиб, вилоятда 3 босқичли чора-тадбирлар дастури, яъни 2019-2029 йилларга мўлжалланган 10 йиллик ривожлантириш концепцияси, 2019-2021 йилларга мўлжалланган 3 йиллик ривожланиш стратегияси, 2018 йилга мўлжалланган 1 йиллик ривожлантириш режаси ишлаб чиқилмоқда. Вилоят ҳокими ўринбосари ушбу босқичларнинг ҳар бирини атрофлича мисоллар билан изоҳлар экан, уларнинг сармоя масалаларини ҳам аниқ рақамларга таяниб таҳлил этди. “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси, кичик саноат зоналарида ишга тушириладиган лойиҳалар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Президентимизнинг Сирдарё вилояти фаоллари иштирокидаги йиғилишда ҳамда Бош вазир раҳбарлигида 17 апрель куни бўлиб ўтган видеселектор йиғилишида шу масала юзасидан ҳам бир қатор топшириқлар берилган эди. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб маҳаллий ҳокимлик раҳбарларига тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги, ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларига киритилган лойиҳаларни ишга туширилиши юзасидан маҳаллий Кенгаш депутатларини жалб этган ҳолда жамоатчилик назоратини олиб бориш ва тизимли мониторинг ишларини ташкил этиш уқтириб ўтилди.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.