Ёрдонда тиббий хизмат

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Ёрдон МФЙ аҳолиси учун тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва маданияти яхшиланишига эришилмоқда.

“Ёрдон” тез тиббий ёрдам шохобчаси замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланиб, 3 нафар патронаж ҳамширалари ҳудуддаги ҳар бир оила билан яқин ҳамкорликда ишлаши учун аҳоли хонадонларига ташриф буюриш режа-жадвали тасдиқланди.

Беморларга биринчи тиббий ёдам кўрсатиш, касалликларга ташхис қўйиш, эмлаш воситалари билан таъминлашда барча қулайликлар муҳайё этилган,-дейди “Ёрдон” тез тиббий ёрдам шохобчаси патронаж ҳамшираси Ўғилой Ҳусанова. – Маҳалладаги ҳар бир оила кесимида алоҳида тиббий дафтар юритилиб, ногиронлар, ёш болалар, кексалар ҳамда доимий равишда даволаниб туришга муҳтож беморлар бўйича маълумотлар базасини ташкил этаяпмиз.

Ёрдон МФЙ, Қизилтоғ кўчасининг 140-уйида яшовчи Соҳиба Омонбоева ёш чақалоғини тарбиялаяпти. У бугун фарзандини тез тиббий ёрдам шохобчасига навбатдаги эмлаш амалиётини ўтказиш учун олиб келди. Эмлаш бўйича мутахассис ҳамшира ушбу амалиётни сифатли ўтказиб, чақалоқнинг соғлом улғайиши, овқатланиши борасида ёш она билан профилактик суҳбат уюштирди. Яқиндан танишиш учун болаларда учрайдиган турли юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш мақсадида тайёрланган тиббий эслатмалар, соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи услубий қўлланмаларни тавсия этди.

Вилоят ҳокимлиги Ишчи гуруҳи кўмагида “Ёрдон” тез тиббий ёрдам шохобчасида ўз фаолиятини бошлаган ижтимоий дорихона ёрдонликлар учун яна бир қулайлик бўлди. Мазкур ижтимоий дорихона узлуксиз фаолият кўрсатади ҳамда энг керакли дорилар ва тиббий воситалар имтиёзли арзон нархларда етказиб берилиши таъминланади.