Велоспорт

Фарғона олимпия  захиралари  коллежидан старт олган 2002-2003 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида велоспорт  бўйича  Ўзбекистон чемпионати  ниҳоясига етди.

Унда  республикамизнинг  барча вилоятларидан 17 та жамоада  80 нафар велоспортчи қатнашди.

Велопойга 15 километрли  масофадан  бошланди. Маррага республика олимпия захиралари коллежи ўқувчиси  Фазлиддин Озодбеков, Тошкент олимпия захиралари коллежи ўқувчиси  Дмитрий Сирко, Чирчиқ олимпия захиралари  коллежи  ўқувчиси  Арслон  Ғоффоров,  Фарғона олимпия захиралари  коллежи ўқувчиси  Дмитрий Бочаров   етиб келдилар.

59-73 километрли  велопойга мусобақалари  Қўчкорчи-Арсиф-Сўфон  йўлида  давом этди.  Муросасиз ўтган пойгада  Д.Сирко,  Ф.Озодбеков ва хоразмлик  Б. Раҳимбоевлар фахрли ўринларни забт этишди.

Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” ўйингоҳи ҳудудида 45 километрли масофада велопойга ўз ниҳоясига етказилди. Республика ва Чирчиқ олимпия захиралари  коллежи  ўқувчилари  Камрон  Мирзараҳимов, Сергей Гореликов ва республика болалар ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси Эдем Эминовлар фахрли ўринларни эгаллашди.

Беллашув якунига кўра, очколар бўйича  Д.Сирко олтин, Ф.Озодбеков кумуш, Беҳзод Раҳимбоевлар бронза  медаль  билан Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлишди.

Ғолиб ва  совриндорларга  ташкилотчиларнинг турли даражадаги диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.