Фарғонада халқаро джаз фестивали

Мамлакатимизда 2015 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда ЮНЕСКО ташкилоти шафъелигида джаз мусиқаси кунлари ўтказиб келинмоқда. Жорий йилда Халқаро джаз фестивали республикамиз вилоятлари ичида биринчи бўлиб Фарғонада – Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройида бўлиб ўтди.

Фестивални вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев табрик сўзи билан очиб, юртимизда маданият ва санъат соҳасига эътибор ҳар қачонгидан юқори даражага кўтарилгани, мусиқанинг инсон маънавиятидаги аҳамияти хусусида гапириб хорижлик меҳмонлар ва барча томошабинларни мазкур санъат байрами билан муборакбод этди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спартлен хоним сўзга чиқиб фестивал доирасидаги тадбирлар Буюк Ипак йўли йўналиши бўйлаб кўтаринки руҳда бошланганини таъкидлаб, вилоят ҳокимлигига, вилоят Театр-концерт саройи маъмуриятига, санъатсевар фарғоналикларга миннатдорчилик изҳор этди ва фестивал ишига муваффақият тилади.

Америка ва оммабоп лотин мусиқаси мульти-этник ижрочиси, Самарқандда ўтказилган “Шарқ тароналари” фестивалининг бир неча бор иштирокчиси  саналган Жина Чавез бошчилигидаги мусиқачиларнинг  концерт дастури намойиш этилди. Қизиғи шундаки, қўшиқчи Жина Чавез мазкур концерт дастурида адрас чопонда, мусиқачилар эса миллий дўппида чиқишди.

Бугунги кунда бутун жаҳон қўшиқчилик санъатида фанограмма усули авж олиб кетган бир пайтда  жонли ижронинг профессионал даражаси қадри нақадар баланд эканлигига фестивалда гувоҳ бўлиб турибмиз, – дейди концерт тингловчиси, Фарғона санъат коллежи маънавият бўлими бошлиғи Иброҳимжон Йўлдошев. – Жина Чавезнинг инглиз ва испан тилларида янграган оташин қўшиқлари, Кеннет Налл, Майкл Ромеро каби эстрада мусиқачиларининг куйлари, айниқса ўз дастурларига миллий эстрада мусиқамиз намунасини киритганликлари ва уни маромига етказиб ижро этганликлари томошабинлар, мусиқа ихлосмандалари кўнглини забт этди.