Давлат хавфсизлик хизмати

2018 йил 5 апрел куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Қонуни  қабул қилинди.

Мамлакатимиз ҳаётида муҳим воқелик сифатида эътироф этилаётган ушбу ҳуқуқий ҳужжат хавф-хатар ва таҳдидларга самарали тарзда қарши курашишга қодир махсус хизматнинг замонавий қиёфасини белгилаган ҳолда, давлат хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимига асос солди.

Қайд этиш зарурки, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида мазкур йўналишдаги ишларга алоҳида эътибор қаратиб, «Биз ҳар қайси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи бевосита ўз фаолияти доирасидан чиқмайдиган, бир-бирининг функциясини такрор этмайдиган тизим шакллантиришимиз шарт. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Миллий хавфсизлик хизмати идоралари бугунги кунгача 26 йил аввал Ҳукумат тасдиқлаган Низом асосида фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу Низом чорак аср давомида ўзгартирилмагани ва ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келингани ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлган”, дея таъкидлаган эди.

Эндиликда Миллий хавфсизлик хизмати Давлат хавфсизлик хизмати номи билан қайта ташкил этилди ва у Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган сифатида белгиланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан тайёрланган “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Қонуни мазкур хизмат вазифалари ва ваколатларини аниқ белгилаб беради. Жорий йилнинг 29-30 март кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида қонун муҳокама қилиниб, Сенат томонидан маъқулланган эди.

Айтиш жоизки, қонун лойиҳасини тайёрлашда хорижий тажриба ҳам пухта ўрганилди. Ўрганиш шуни кўрсатадики, Буюк Британия, Германия, Польша, Португалия, Туркия, Корея, Япония, Россия, Украина, Беларусь, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва қатор бошқа мамлакатларда хавфсизлик органларининг фаолияти масалалари хавфсизлик органлари тизимини ва тузилмасини, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва ваколатларини, фаолиятининг асосий принципларини, жисмоний куч ва бошқа воситаларни қўллаш чегараларини, хавфсизлик органларида хизматни ўташ тартибини, хавфсизлик органлари ходимларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси ҳамда бошқа масалаларни аниқ белгиловчи қонунлар билан комплекс тартибга солинган.

“Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Қонунда нималар назарда тутилди?

Биринчидан, унда, Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятининг асосий вазифалари, йўналишлари ва принциплари мустаҳкамлаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва давлат манфаатларини ташқи ҳамда ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш, қонунийлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, шунингдек Давлат хавфсизлик хизмати ваколатига киритилган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва барҳам бериш унинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига бўлган тажовузларнинг олдини олиш, аниқлаш ҳамда барҳам бериш, Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш, Қуролли Кучлар ва мудофаа-саноат комплексини давлат хавфсизлигига бўлган хавф-хатарлар ҳамда таҳдидлардан ҳимоя қилиш, терроризм, экстремизм ва уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш хизмат фаолияти йўналишлари этиб белгиланди.

Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятининг принциплари эса қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ҳурмат қилиш, фуқароларнинг ёрдамига таяниш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси, бирдамлик, мустақиллик, конспирация масалаларининг устуворлиги сифатида қайд этилди.

Бундан ташқари, қонунда Давлат хавфсизлик хизматининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва ваколатлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги ҳам аниқ тартибга солинган.

Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари томонидан жисмоний куч, махсус кучларни ва воситаларни, ўқотар қуролни қўллаш, улар томонидан ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан фойдаланиши, ҳарбий хизматчилари, уларнинг ҳуқуқий ҳолати ва ижтимоий-ҳуқуқий муҳофазаси, ахборот, молиявий ва моддий-техник таъминоти борасидаги меъёрлар ҳам Қонунда кўзда тутилган бўлиб, бу ҳужжатнинг халқаро стандартларга тўла мос келишини кўрсатади.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз ҳуқуқий ҳаётида муҳим аҳамият касб этаётган мазкур Қонун давлатимиз хавфсизлигини ишончли таъминлайдиган, тинчлик ва осойишталигимизни мустаҳкам ҳимоя қилишга қодир янги хизматнинг ваколат ва вазифаларини аниқ белгилаб берди.