Демократик тамойиллар асосида

Юртимизда сайлов тизимини пухта ривожлантириш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва натижада “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

14 апрель куни вилоят Тадбиркорлар маркази биносида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “Бўшаб қолган ўринга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси сайловини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан сайлов бўлиб ўтди.

Дастлаб халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида қўшма мажлис ўтказилди.

Кун тартибига Олий Мажлис Сенати аъзоси сайловини ўтказиш масаласи қўйилди.

Мажлисни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг котиби, котибият раҳбари Суяржон Қурбанқулов Сенат таркибини шакллантириш тартиблари, бу борадаги сайлов жараёнлари, қонунчилик ҳужжатлари тўғрисида маъруза қилди.

Мажлисни вилоят ҳокими, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Шуҳрат Ғаниев бошқарди.

Қонуний тартибга асосланиб мажлисда саноқ комиссияси, котибият ва оқсоқоллар Кенгаши аъзолари тасдиқлаб олинди.

Мажлисда Сенат аъзолигига кўрсатилган номзод вилоят ҳаётини яхши биладиган, ҳуқуқий, иқтисодий, маънавий-маърифий билимлари юқори, жамият ҳаётида фаол бўлиши зарурлиги таъкидланди. Шундан келиб чиқиб илгари ҳуқуқ-тартибот идораларида фаолият олиб борган, 12-Қўшчинор гузари сайлов округидан сайланган халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши депутати Бойматжон Расуловнинг номзоди таклиф этилди. Унинг тажрибаси ва фаоллиги инобатга олиниб, номзодни сайлов бюллетенига киритилиши депутатлар томонидан тасдиқланди.

Сайлов яширин овоз бериш йўли билан ўтказилди.

– Бугунги сайловга барча имкониятлар ҳозирланиб, сиёсий партиялардан вакиллар жам бўлди. Ҳар бир жараён сайлов тартибларига мос, ошкоралик ва очиқлик руҳида ўтмоқда, – дейди 21-Бекмурод сайлов округидан сайланган халқ депутатлари Учкўприк туман Кенгаши депутати Мунира Холмирзаева. – Ҳар ким ўзининг сайлаш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланиб овоз бермоқда. Сайловнинг юқори савияда ўтиши таъминланмоқда. Ўйлаймизки, сайланган номзод қонун ижодкорлиги жараёнида ўз фаоллигини намоён этади.

Мажлисда саноқ комиссияси раиси натижаларни эълон қилди. Яширин овоз бериш йўли билан 573 та овоз ҳақиқий деб топилиб, Бойматжон Расулов Олий Мажлис Сенати аъзоси деб эълон қилинди.

Сайланган сенатор Бойматжон Расулов билдирилган ишончни оқлашга, парламент юқори палатасида фаол иштирок этишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашда астойдил меҳнат қилишга ваъда берди.