Тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт

Шимолий Америка, Европа ва Осиё шу жумладан, Ўзбекистон билан бирга 50 дан зиёд қатнашчи давлатларни бирлаштирадиган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи дунёдаги энг катта минтақавий ташкилотдир.

Мазкур ташкилот бир миллиарддан зиёд аҳолидан иборат маконда тинчлик, демократия ва барқарорликни таъминлаш ишларини амалга ошириб келмоқда.

Мазкур ташкилотнинг кам сонли миллатлар бўйича Олий комиссари Ламберто Заньер Фарғонага ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмон вилоят ҳокимлигида кутиб олинди. Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг делегация аъзолари билан бўлиб ўтган самимий мулоқотида тинчликни таъминлаш йўлидаги изчил ислоҳотлар, янгиланиш ва бунёдкорликлар, миллатлараро муносабатлар ҳақида сўз юритилди.

Таъкидлаш жоизки, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кенг доирадаги хавфсизлик масалалари бўйича юқори даражада сиёсий мулоқот олиб бориш, инсонлар ҳамда уларнинг ҳамжамиятлари ҳаётини яхшилашга доир амалий фаолият учун пойдевор бўлиб хизмат қиляпти. Ташкилот умумий хавфсизлигимизга таъсир ўтказувчи бир қатор масалалар, шу жумладан, қуролланиш устидан назорат ўрнатиш, терроризм, самарали бошқарув, энергия хавфсизлиги, одам савдоси, демократиялаштириш, ОАВнинг эркинлиги ҳамда озчиликни ташкил этувчи гуруҳларнинг ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланмоқда.

Бугун дунёнинг нотинч манзаралари даврида Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакилларининг ҳамжиҳатликда истиқомат қилаётгани эътирофга лойиқ хусусиятлардандир. Меҳмонлар айни шу жиҳатлар билан яқиндан танишиш мақсадида дастлаб Фарғона шаҳридаги 2-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабига ташриф буюрдилар. Меҳмонларга пешвоз чиққан билимдон ўқувчилар ўзбекона лутфларни рус, инглиз, француз, корейс тилларида изҳор қилдилар. Мактабнинг театр тўгараги аъзолари томонидан Гоголнинг “Ревизор” драмасидан парча ижро этилгани уларда ёрқин таассурот қолдирди.

Олий мартабали меҳмонлар бошланғич ва юқори синф ўқувчиларининг дарс жараёнларини кузатдилар, ўқувчи ва мураббийлар билан самимий мулоқотда бўлдилар. Халқ таълими бошқармаси бошлиғи билан суҳбатда бошқа тилларда таълим олиб бориладиган мактаблар истиқболи, дарсликлар таъминоти ҳақида сўз юритилди.

Делегация аъзолари Фарғона давлат университетининг тожик филологиясида таҳсил олаётган талабалар билан ҳам учрашувда бўлдилар. Ўзбекистон ва Тожикистоннинг кейинги вақтлардаги сиёсий муносабатлари, ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳақида фикр алмашилди.

– Юртингиздаги иқтисодий юксалиш ва бунёдкорликлар диққатга сазовор. Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масаласи ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бунда албатта, Президент ташаббуси муҳим ўрин тутяпти, – дейди   ташкилотнинг кам сонли миллатлар бўйича Олий комиссари Ламберто Заньер. – Жаҳон миқёсида тинчлик масаласидаги муаммоларни ҳал этишнинг муҳим омилларидан бири радикализмга қарши курашиш ва унинг олдини олишдир. Бунда таълим жараёни ва миллий озчилик билан ишлаш, уларнинг вазиятини таҳлил этиш ва ўрганиш катта аҳамиятга эга. Ўзбекистонда бу яхши йўлга қўйилган. Ташриф давомида бу борадаги муҳим натижаларга гувоҳ бўлдик.

Халқаро ташкилот вакилларининг ташрифи вилоятда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказларда ўз якунига етди. Қирғиз, тожик, рус, яхудий, корейс, немис, татар миллий маданий марказлари вакиллари билан суҳбатлар, бадиий ансамбллар фаолияти уларда ёрқин таассурот қолдирди.