Доимий комиссия йиғилиши

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Фарғона ҳудудий бўлинмасида бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг  “Ёшлар сиёсати  ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари” доимий комиссиясининг йиғилишида Қувасой, Қўқон, Марғилон, Фарғона шаҳарлари ҳамда Данғара, Олтиариқ туманларидаги ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларида  олиб борилган  ўрганиш якунлари таҳлил қилинди.

“Давомат тадбирлари” давомида  дарс соатларига сабабсиз қатнашмаётган  ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан юзма-юз мулоқотлар олиб борилди.

Ўрганиш жараёнида мавжуд таълим муассасаларининг бир қисмида  таълим олувчиларнинг бандлиги ва бўш вақтини мазмунли  ўтказилишини  таъминлаш мақсадида спорт секциялари, тўгараклар, клублар  ҳисоботлар  учун ташкил этилган бўлиб, ўқувчи ёшлар билан олиб борилган суҳбатда улар бу ҳақда маълумотга эга  эмаслиги аниқланган.

Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан дарсга бормай юрган ўқувчилар ҳам борлиги кузатилган. Вояга етмаганлар, хотин-қизлар  ўртасида ҳуқуқбузарлик  ва жиноятчиликнинг олдини  олишда ҳамкорликни  яхшилаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва уларга  имкон бераётган  шарт-шароитларни аниқлаш юзасидан  чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган.    Масъуллар билан  бу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Мазкур масала юзасидан вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, халқ таълими, ички ишлар бошқармалари вакилларининг ахбороти тингланди.  Иштирокчилар ўзларининг таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

Кун тартибига киритилган масалалар юзасидан қарор қабул қилинди.