Музаффар қадамлардаги қатъият

Ҳарбий кийимдаги навқирон ўғлонларни кўрганда қалбларимизда ғурур ва ифтихор ҳисси жўш уради, юртимиз тинч ва осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги ана шу мардларнинг бедорлиги туфайли эканлигига иқрор бўламиз.

Олтиариқлик ҳарбий йигит Анваржон Акбаров ҳам кўпчиликнинг ҳавасини келтирадиган мард ўғлонлардан. У ҳам қатъиятли ҳарбий, ҳам маҳоратли спортчи сифатида сафдошлари, дўстлари орасида обрў қозониб келаётир.

Анваржоннинг ҳарбий салоҳияти унинг ўзига хос мардлик ва жасорат мактабида тоблангани натижаси бўлса, спортга бўлган чексиз иштиёқи ундаги соғломлик ва  баркамоллик нишонасидир. Бугунги кунда Шарқий ҳарбий округ қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисмда кичик сержант сифатида хизмат бурчини адо этаётган ҳарбий йигит муай-тай, қўл жанги, енгил атлетика, ҳарбий кўп кураш спорт турлари билан мунтазам шуғулланиб, кўплаб спорт мусобақаларида ҳарбий қисм шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.

Спорт жисмоний саломатликни таъминлабгина қолмасдан, инсон иродасини ҳам мустаҳкамлайди, – дейди  Анваржон Акбаров. – У берган қатъият, чиниқиш, талабчанлик, масъулиятлилик каби фазилатлар менинг хизмат фаолиятимда ҳам қўшқанот бўлади.

Бугун спортсевар ўғлонлар етакчилик қилаётган спорт тўгаракларида Илҳомжон Абдураҳмонов, Абдуманноб Одилжонов, Мадинахон Қодирова, Ўғилой Масиржонова сингари бир неча карра Ўзбекистон чемпионлари, халқаро мусобақалар совриндорларининг камолга етаётгани фидойилик ва ватанпарварлик йўлида адо этилаётган меҳнатнинг эзгу самарасидир.

Миллий армиямиз сафида юксак матонат ва шараф билан хизмат қилаётган ҳарбий йигитнинг мураббийлик фаолияти ўзи ва шогирдларининг музаффар қадамлари билан янада сермазмун бўлишига, мазкур тўгаракларда Она юртга садоқатли ўғил-қизлар тарбияланишига умидлар баланд.