Ободонлаштиришдаги талон-тарожликлар

Шоирахон Умарова  Фарғона шаҳар ҳокимлигининг ободонлаштириш бошқармаси бош ҳисобчиси. Аввал ҳам жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар, Тошлоқ тумани судлари томонидан  жиноий хатти-ҳаракатлари кўриб чиқилиб, тегишли тартибда жазо тайинланган эди.

Эгаллаб турган мансаб ваколатларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланди. Мазкур лавозимда  2014 йил июль ойидан  2016 йил 21 декабрь кунига қадар фаолият юритиб,  жуда кўп миқдорда  бюджет маблағларининг ўзлаштирилишига йўл қўйди. 64 нафар  ишга келмаган ходимларга иш ҳақи ҳисобланиши натижасида мажбурий ажратмалардан ташқари 5.924.500 сўм ортиқча берилди. 9 нафар ходимларга асоссиз  1.899.300 сўм моддий ёрдам пули, 65 нафар ходимларга 1.959.100 сўм мукофот пуллари нотўғри ҳисобланган.  Бундан ташқари Фарғона шаҳар электр тармоқлари корхонасига, “Водийгазтаъминот” УК Фарғона  шаҳар филиалига, “Сувоқава” ДУКга ходимларнинг иш ҳақидан ортиқча ўтказиб юборилган.

Салимжон Турсуналиев  мазкур  ташкилотда 2009 йилдан буён транспорт бўлимида  ёқилғи қуювчи вазифасида  ишлаб,  бу бўйича  ҳисоботларни кирим ва чиқим ҳужжатлари билан биргаликда топшириш жавобгарлигини тўла-тўкис адо эта олмади. Бошқарманинг собиқ бошлиғи М.Мирхолиқовнинг оғзаки топшириғига асосан, 2017 йил 12 февраль куни ҳужжатларни расмийлаштирмасдан “Фарғонанефтбаза” УКдан 2756 литр 8.551.525 сўмлик  дизель ёқилғисини олиб, Қўқон шаҳридаги “Қўқон эркин иқтисодий зонаси”ни ташкил этишда ишлатилаётган автомашиналар учун бериб юборади.  Орадан 3 ой ўтиб, топшириққа асосан 4210 литр 11.186.391 сўмлик  дизель ёқилғисини  Фарғона механика заводи шўъба корхонаси тасарруфидаги Фарғона шаҳар ҳокимлиги ер захира фондига олинган 13,67  гектар ер майдонида  ишлаётган  грейдер  ва трактор техникаларига қуйиб беради.

Ҳар иккисининг қонунга хилоф ҳаракатлари тергов жараёнлари давомида  далиллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида ўрганилиб, жиноят ишлари бўйича Қува туман суди томонидан  жазо белгиланди.