Кексалари эъзозланган юрт

Мамлакатимизда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш ва турмуш шароитларини янада яхшилаш мақсадида олиб борилаётган кўплаб эзгу саъй-ҳаракатлар замирида уйимизнинг кўрки, хонадонларимиз файзи бўлган нуронийларимиз саломатликларини мунтазам назорат қилиб бориш, уларга меҳр ва эътибор кўрсатишдек юксак мақсадлар мужассам.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Олтиариқ” кексалар ва ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийлари санаторийси фаолияти билан яқиндан танишар экансиз, ширинсухан, малакали шифокорлар томонидан чексиз эъзоз ва эътиборда ўз саломатликларини янада мустаҳкамлаб, мароқли ҳордиқ чиқараётган, республикамизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрган Иккинчи жаҳон уруши ва фронторти меҳнат қатнашчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар, гуруҳ ногиронлари, нуроний отахон ва онахонларни кўриб кўзингиз қувонади.

Яқинда мазкур шифо масканида қад ростлаган 100 ўринли янги бинода минерал ванна ва физиотерапия хоналари, парафин-озокерит муолажа хонаси, алоҳида кир ювиш бўлинмаси, турли кўнгилочар тадбирлар учун мўлжалланган ёзги ўйингоҳ, баскетбол, волейбол, футбол, теннис майдончалари, дам олиш айвончалари, савдо маиший мажмуаси каби замонавий, қулай шарт-шароитлар яратилгани сиҳатгоҳ нуфузининг яна бир карра ошишига хизмат қилди. Чунки айни кунларда сиҳатгоҳда мазкур дам олиш ва даволаниш масканининг тарифини эшитиб, нафақат яқин шаҳар ва туманлардан, балки, Самарқанд, Хоразм, Бухоро вилоятлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган нуронийлар ҳам бор. Улардан бири Тўрткўл туманилик Алтин Бегимовадир.

– Сиҳатгоҳга биринчи маротаба ташриф буюришим, – дейди Алтин опа. – Бу ерда даволанувчилар учун муҳайё этилган барча қулай шарт-шароитлар, замонавий-тиббий муолажалар, бир-биридан лаззатли таомлар, айниқса, қўли енгил, сўзи ширин, ўз касбининг малакали мутахассислари бўлган олий тоифали шифокорларнинг беминнат хизматлари таҳсинга лойиқ. Келгуси йили ҳам албатта шу масканда ҳордиқ чиқариб қайтиш ниятидаман.

–Самақарқанд вилоятининг Ургут туманидан ташриф буюрдим, – дейди Ахтам ота Рустамов. – Мана шу ўтган қисқа вақт мобайнида сиҳатгоҳнинг янгитдан қад ростлаган даволаш биносида ўтказилган тиббий муолажалардан сўнг ўзимни анча енгил ҳис қилдим. Узоқ-яқиндан келган барча ёши улуғлар санатория раҳбари Шоҳсанамхон Мамаризаева бошчилигида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг илиқ муносабати, меҳр-эътиборидан миннатдор.